Янги Ўзбекистон: ўсиш, имконият ва очиқлик йўлида
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Петербург халқаро иқтисодий форумидаги нутқи Ўзбекистоннинг янги босқичдаги тараққиёт фалсафасини аниқ ва тизимли ифода этди. Унда глобал иқтисодий беқарорлик шароитида барқарор ўсишга эришиш, инвестициявий жозибадорликни мустаҳкамлаш ва инсон капиталини устувор йўналиш сифатида шакллантириш каби масалалар чуқур таҳлил қилинди.

Мазкур нутқ келгуси ислоҳотларнинг йўл харитаси сифатида аҳамиятли бўлиб, Ўзбекистоннинг янги тараққиёт босқичидаги стратегик йўналишлари, глобал иқтисодий жараёнлардаги иштироки ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган комплекс ёндашувини намоён этди. Мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги, саноат ва технологик ривожланиш суръатлари, энергетика ва рақамли иқтисодиётдаги ислоҳотлар, шунингдек, инсон капиталига асосланган барқарор ўсиш модели чуқур таҳлил этилди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон глобал иқтисодий беқарорлик кучайиб бораётган шароитда ҳам барқарор ўсишни таъминлашга қодир бўлган, институционал ислоҳотларга таянган ва халқаро капитал учун очиқ давлат сифатида ўз позициясини мустаҳкамлаб бормоқда.
Сўнгги ўн йилликда иқтисодиёт ҳажмининг 50 миллиард доллардан147 миллиард долларгача ўсиши, 150 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестициялар жалб қилиниши, товар ва хизматлар экспортининг қарийб уч баробарга ошиши мамлакатда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳақиқий натижаларини акс эттиради. Бу кўрсаткичлар Ўзбекистон иқтисодиётининг фақат миқдорий эмас, балки сифат жиҳатдан ҳам янги босқичга чиққанини тасдиқлайди.
Нутқда алоҳида урғу берилган асосий йўналишлар - саноатни чуқур қайта ишлаш, юқори қўшимча қиймат занжирларини шакллантириш, рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект, энергетика трансформацияси ва инсон капитали ривожи мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиёт моделини белгилаб беради.
Айниқса, “Евроосиё технологик саноатлаштириш камари” ташаббуси, қўшма рақамли экотизим ва инсон капиталини ривожлантириш платформаси каби таклифлар Ўзбекистон минтақавий интеграциянинг фаол ташаббускорига айланаётганини кўрсатади. Бу ташаббуслар Марказий Осиёда ягона иқтисодий, технологик ва логистик макон шакллантиришга хизмат қилади.
Энергетика соҳасидаги ислоҳотлар, жумладан генерация қувватларининг сезиларли ошиши ва қайта тикланувчи энергия улушининг 54 фоизга етказилиши, шунингдек атом энергетикаси бўйича амалий лойиҳаларнинг бошланиши Ўзбекистон энергетик хавфсизлик ва “яшил трансформация” йўлида қатъий ҳаракат қилаётганига мисолдир.
Молиявий сектордаги ислоҳотлар - суверен облигациялар жойлаштирилиши, Миллий инвестиция фондининг Лондон фонд биржасидаги савдолари ва Тошкент халқаро молия маркази ташкил этилиши - мамлакат капитал бозорининг глобал тизимга интеграциясини чуқурлаштирмоқда.
Шу билан бирга, нутқда инсон омили марказий ўрин тутади. Ёш ва фаол аҳоли, инсон капиталига инвестиция, таълим ва меҳнат бозорини интеграция қилиш, аҳоли даромадларининг ошиши ва “О‘zbekiston–2030” стратегияси мамлакат тараққиётининг ижтимоий йўналтирилган моделини белгилаб беради.
Туризм, креатив иқтисодиёт ва маданий - гуманитар ҳамкорликка берилган алоҳида эътибор эса иқтисодий ҳамкорликни “ишонч иқтисодиёти” даражасига олиб чиқишга хизмат қилади. Бу эса давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг фақат иқтисодий эмас, балки цивилизацион мазмун касб этаётганини англатади.
Умуман олганда, Президентимизнинг мазкур нутқини Ўзбекистоннинг прагматик, очиқ ва кўпвекторли ташқи иқтисодий сиёсатини, шунингдек, инновация, инсон капитали ва минтақавий интеграцияга асосланган янги тараққиёт моделини тўлиқ ифода этган стратегик дастурий баёнот сифатида баҳолаш мумкин.
Мазкур нутқ Ўзбекистонни глобал иқтисодий тизимда фаол ташаббускор, ишончли инвестициявий ҳамкор ва барқарор ривожланишга йўналтирилган давлат сифатида янада мустаҳкамланиб бораётганини яққол намоён этади. Шунингдек, унда илгари сурилган ғоялар амалда тўлиқ рўёбга чиқарилса, мамлакат нафақат минтақада, балки глобал миқёсда ҳам рақобатбардош иқтисодиёт сифатида ривожланади.
Даврон КЕСИМОВ,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари,
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.