ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН • ЯНГИ ОДИЛ СУДЛОВ
Судья фақат қонунни билиши етарлими? Бугунги мураккаб замонда ушбу саволнинг битта жавоби мавжуд.
Бу ҳам бўлса, йўқ. Чунки замонавий судья бир вақтнинг ўзида ҳуқуқшунос, таҳлилчи, кучли коммуникатор, рақамли технологияларни тушунадиган мутахассис ва энг муҳими, масъулиятли ваколат қаршисида ички ахлоқий таянчини йўқотмайдиган шахс бўлиши керак. Одил судлов академиясида 2025-2026 йиллар мобайнида амалга оширилган ишлар ана шу янги талабнинг институционал жавобига айланмоқда. Бу жараённи бир жумла билан ифодалаш мумкин. Академия энди фақат билим берадиган муассаса эмас, адолатнинг келажагини лойиҳалайдиган интеллектуал платформага айланмоқда.
Бир фармон - янгича ёндашув
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 21-августдаги “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-141-сон Фармони суд тизими учун кадрлар тайёрлашни оддий ўқув жараёнидан кенгроқ масала сифатида белгилади. Ҳужжатнинг мантиғи аниқ, яъни профессионал судьялар корпусини шакллантириш учун таълим, илм-фан ва амалиёт битта узвий занжирга айланиши керак.
Фармонда замонавий ахборот технологиялари ва сунъий интеллектдан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, суд фаолиятини илмий-услубий таъминлаш, фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар ўтказиш ҳамда қонунчиликни такомиллаштириш бўйича илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқиш устувор мақсад сифатида қайд этилган. Хорижий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотлари билан самарали ҳамкорлик ҳам шу тизимнинг ажралмас қисмидир.
Демак, гап фақат янги ном ёки янги тузилма ҳақида эмас. Гап судья тайёрлаш фалсафасининг ўзгариши ҳақида кетмоқда. Яъни, “қонунни ёд билиш”дан мураккаб вазиятни таҳлил қилишга, “тайёр жавоб”дан асослантирилган қарорга, ёпиқ академик муҳитдан миллий ва халқаро билимлар алмашинувига ўтиш ҳақида.
Режа қоғозда қолмади, яъни бошқарув архитектураси янгиланди
Ислоҳотнинг ишончлилиги аввало унинг қандай бошқарилаётганида кўринади. Фармонда белгиланган вазифаларини академия фаолиятига реал татбиқ этиш учун ишлаб чиқилган комплекс чора-тадбирлар режаси стратегик ривожланиш, илмий салоҳият, рақамлаштириш, халқаро ҳамкорлик ва жамоатчилик билан алоқаларни ягона тизимга боғлади.
Январь–июль ойларида Академия фаолиятини замонавий талаблар асосида ташкил этиш мақсадида 50 дан ортиқ ички меъёрий ҳужжат янги таҳрирда ишлаб чиқилди. Бу рақамнинг ортида муҳим бошқарув ғояси бор. Катта ислоҳотлар шиор билан эмас, аниқ қоида, ваколат, мезон ва жавобгарлик билан ишлайди. Академия томонидан 2030-йилгача стратегик ривожланиш дастурини ишлаб чиқиш, ҳар бир тузилма ва масъул ижрочи учун ўлчанадиган KPIларни жорий этиш, “Кафедралар рейтинги” ва “Йилнинг энг яхши педагоги” тизимларини жорий этиш каби вазифалар белгиланган. Бу ёндашув академик фаолиятда тадбирлар сонини эмас, балки улар орқали яратилган натижа, таъсир ва қийматни асосий мезон сифатида белгилайди.
Smart Library тизими бу илмий ёндашувга асосланган инфатузилма
Бугун кучли тадқиқотчи билан заиф тадқиқотчини кўпинча истеъдод эмас, балки сифатли манбага кириш имконияти ажратиб туради. Академияда ишга туширилган “Smart Library” платформаси шу тенгсизликни қисқартиришга хизмат қилмоқда. Ахборот ресурс марказида EBSCO, ProQuest ва Oxford University Press каби ресурсларни ўз ичига олган жами 30 дан ортиқ халқаро илмий ҳамда суд амалиёти базасига бепул кириш имконияти яратилди. Бу битта тугма орқали дунёнинг етакчи илмий мақолалари, қиёсий-ҳуқуқий таҳлиллари ва суд амалиёти материаллари билан танишиш имконияти демакдир.
“Рақамли академия” бу бошқарувдан билимгача ягона экотизим
Академия фаолиятининг рақамлаштирилиши ва “Рақамли академия” - E-Academy электрон платформасининг ишга туширилиши инновациянинг кейинги қисмидир. Аммо унинг ҳақиқий қиймати компьютер экранида эмас, қарор қабул қилиш тезлиги ва маълумотнинг изчиллигида намоён бўлади десак адашмаган бўламиз.
Рақамли экотизим таълим жараёни, мониторинг, ресурслардан фойдаланиш ва ички бошқарувни бир-биридан узилган бўлаклар сифатида эмас, ягона маълумотлар оқими сифатида кўриш имконини беради. Фармонда белгиланган замонавий ахборот технологиялари ва сунъий интеллектдан амалий фойдаланиш кўникмалари айнан шундай муҳитда табиий компетенцияга айланади.
Бу ерда муҳим мезон технология инсонни алмаштириши эмас, унинг профессионал масъулиятини кучайтиришидир. Сунъий интеллект тезкор таҳлил қилиши мумкин, бироқ адолат, мутаносиблик, инсон қадр-қиммати ва виждон масалаларида якуний масъулият инсон зиммасида қолади. Академиянинг вазифаси технологиядан ҳайратланадиган эмас, ундан масъулият билан фойдалана оладиган судьяни тайёрлашдир.
Одил судлов илмининг халқаро майдонга чиқиши
Миллий илм-фаннинг кучи фақат ички муҳокамада эмас, халқаро илмий мулоқотда қай даражада эшитилишида ҳам ўлчанади. Шу мақсадда инглиз тилидаги “International Journal of Justice” халқаро илмий-амалий электрон журнали таъсис этилди. Ушбу платформа Ўзбекистонда яратилаётган илмий ишланмаларни глобал академик ҳамжамиятга олиб чиқиш, хорижий муаллифларни жалб этиш ва қиёсий тадқиқотлар учун янги майдон яратишга хизмат қилади.
Академиянинг “WURI 2026”, “AppliedHE Ranking 2027” ва “UI GreenMetric” халқаро рейтинг платформаларида профиллари ишга туширилгани ҳам шу очиқлик сиёсатининг давоми ҳисобланади. Айтиш керакки, рейтинг бу шунчаки ўрин учун кураш эмас. У академияни ўз натижаларини ўлчашга, халқаро мезонларда кўрсатишга ва ички жараёнларини солиштиришга хизмат қиладиган ташқи ойнадир. Шу билан биргаликда, Академия вакилларининг дунёдаги нуфузли илмий-ҳуқуқий тузилмалардан бири International Association of Penal Law (AIDP) аъзолигига қабул қилиниши Ўзбекистон юридик илм-фанининг халқаро профессионал тармоқлардаги иштирокини янада кенгайтирди.
Чегара билмас билимни афзал кўрувчи ҳамкорлик географияси
Академия 15 дан ортиқ таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси билан ҳамкорлик меморандумларини имзолади. Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти, Тошкент медиация маркази, Криминология тадқиқот институти, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Парламент тадқиқотлари институти, Аёл судьялар ассоциацияси, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ва Тошкент давлат юридик университети каби ҳамкорлар билан алоқалар фан, амалиёт ва жамоатчилик институтлари ўртасидаги кўприкни мустаҳкамламоқда.
Япония, Туркия ва Қозоғистонга амалга оширилган ташрифлар эса хорижий тажрибани жойида ўрганиш, судьяларни тайёрлашнинг турли моделларини қиёслаш ва самарали ечимларни миллий тизимга мослаштириш имконини берди. UNICEF билан ҳамкорликдаги “Вояга етмаганларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш” лойиҳаси бунга аниқ мисол бўла олади. Лойиҳа доирасида амалий қўлланма тайёрланди, 30 нафар судья учун халқаро эксперт Карен Мюллер иштирокида уч кунлик тренинг ўтказилди. Бу ерда халқаро ҳамкорлик протокол эмас боланинг ҳуқуқини ҳимоя қиладиган амалий билимга айланди.
Ҳалоллик бу қўшимча мавзу эмас, илмий тизимнинг операцион тамойили
Илмий салоҳиятга ишонч бинолар ёки технологиялар билан эмас, тадқиқотчи инсоннинг академик ҳалоллиги билан ўлчанади. Шу сабабли Академик ҳалоллик ва этик юксалиш кенгашининг ташкил этилиши алоҳида аҳамиятга эга.
Мазкур Кенгаш илмий натижанинг ишончлилиги, муаллифлик масъулияти, манфаатлар тўқнашуви ва академик муҳитдаги адолатни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу ташаббуснинг рамзий маъноси шуки, кучли адолатни ўргатадиган муассасанинг ўзи ҳам билим яратишда энг юқори ҳалоллик мезонига амал қилиши шарт. Докторантлар билан ишлашнинг янгича тизими ҳам илмий даражани якуний ҳужжат эмас, мунтазам тадқиқот маданиятининг натижаси сифатида кўришга қаратилган. Илмий раҳбарлик, мониторинг, методологик кўмак ва амалиёт билан алоқа кучайса, диссертация жавонда қоладиган матн эмас, тизим учун ишлайдиган билимга айланади.
Илм жамиятга етиб бормаса, у ярим куч билан ишлайди. Ахборот-таҳлилий фаолиятнинг энг муҳим мезони бу мураккаб ҳуқуқий мазмунни одамлар тушунадиган ҳолатга келтириш демакдир. Шу сабабли академияда суд-ҳуқуқ соҳасида қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатларига профессор-ўқитувчилар томонидан тезкор, қисқа ва содда шарҳлар бериш тизими жорий этилди. “Суд-ҳуқуқ 360 | Академия минбари” Telegram каналида 200 дан ортиқ қонунчилик ҳужжатига шарҳ берилгани ҳуқуқий ахборот билан фуқаро ўртасидаги масофани қисқартирмоқда. Қонун расмий матнда мавжуд бўлиши етарли эмас, унинг инсон ҳаётига қандай таъсир қилишини тушунтириш илмий институтларнинг масъулиятидир.
Ҳуқуқий ҳимояга муҳтож ва ижтимоий эҳтиёжманд фуқароларга бепул маслаҳат ҳамда амалий юридик ёрдам кўрсатувчи Pro Bono юридик клиникасининг фаолияти йўлга қўйилгани эса таълим, илм ва ижтимоий масъулиятни бир нуқтада бирлаштирди. Бу ерда тингловчи реал муаммони кўради, фуқаро реал ёрдам олади, Академия эса амалиётдаги тизимли муаммолар ҳақида бевосита маълумотга эга бўлади.
Жамоатчилик кенгаши, Хотин-қизлар кенгаши, коррупцияга қарши “@odilsudlovak_antikor_bot” ва “RektorMurojaat_bot” каби алоқа каналлари очиқликни бир марталик тадбир эмас, кундалик бошқарув механизмига айлантиради. “SpeakUp: Judicial Edition” клуби эса хорижий тилда эркин мулоқот қила оладиган, халқаро профессионал майдонда ўз фикрини ҳимоя қила оладиган янги авлод ҳуқуқшуносларини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Янги босқич – янги марралар
Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, Одил судлов академияси адолат келажагини лойиҳалайдиган миллий, илмий ва инновацион марказ сифатида шаклланмоқда. Шу ўринда бир савол юзага келади, энди бу ҳаракат қайси аниқ марраларга қараб йўналиши керак? Ушбу саволга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 14 августдаги ПФ–160-сон Фармони билан тасдиқланган “Одил судлов – 2030” стратегияси тизимли равишда жавоб беради.
Стратегия суд тизимидаги навбатдаги ўзгаришларни алоҳида тадбирлар йиғиндиси сифатида эмас, яхлит тараққиёт модели сифатида белгиламоқда. Унинг марказида “Судлар - халқчил ва адолатли одил судлов қўрғони ва Янги Ўзбекистоннинг ҳақиқат устуни” деган ғоя турибди. Бу ғоянинг амалий мазмуни эса олтита устунда намоён бўлади, яъни “Халқчил суд”, “Адолат қўрғони”, “Кафолатланган адолат”, “Адолат посбонлари”, “Рақамли одил судлов” ва “Халқаро эътироф”.
Бир қарашда бу устунлар фақатгина судлар фаолиятига оиддек кўринади. Аслида эса уларнинг ҳар бири судьяни тайёрлаш, унинг профессионал дунёқарашини шакллантириш, билим ва кўникмаларини мунтазам янгилаб бориш билан бевосита боғлиқ. Демак, “Одил судлов – 2030” стратегиясининг моҳияти фақат суд биносида эмас, Академия аудиториясида, ўқув жараёнларида, илмий лабораторияда ҳам намоён бўлади.
Олтита устун якдил профессионал қиёфа демакдир
“Халқчил суд” суд-ҳуқуқ фаолиятини жамиятга яқинлаштиришни талаб қилади. Бу фақат электрон мурожаат ёки очиқ ахборот билан чекланмайди. Фуқаро суд ҳужжатини ўқиб тушуниши, суд жараёнида ўзини эшитилган деб ҳис қилиши, судьянинг муносабатида қонун билан бирга инсон қадрини ҳам кўриши керак. Шу маънода, Академияда суд қарорларини содда, қисқа ва мантиқан тушунарли ёзиш, фуқаролар билан самарали мулоқот қилиш ҳамда мураккаб ҳуқуқий мазмунни халқчил тилда ифодалаш кўникмалари асосий компетенцияга айланади.
“Адолат қўрғони” мустақилликни фақат ташқи таъсирдан ҳимоя сифатида эмас, судьянинг ички профессионал барқарорлиги сифатида ҳам талқин қилишни тақозо этади. Билими етарли, бироқ стресс, босим ёки манфаатлар тўқнашуви қаршисида ўз мезонини йўқотадиган мутахассис мустақил қарор қабул қила олмайди. Шу боис интеллектуал салоҳият, эмоционал интеллект, стрессга чидамлилик ва коррупцияга бардошлиликни биргаликда баҳолаш одил судлов мустақиллигининг таълимдаги пойдеворидир.
“Кафолатланган адолат” эса суд қарорининг қонуний бўлишидан ташқари, асослантирилган, барқарор ва ижро этиш учун қулай бўлишини талаб қилади. Бу йўналишда Академия олдига суд ҳужжатларига қўйиладиган талабларни илғор хорижий тажриба асосида қайта кўриб чиқишда иштирок этиш, мураккаб бўлмаган ва низосиз ишлар учун қисқартирилган шаклларни ишлаб чиқиш ҳамда суд ҳужжатларини тузишнинг янгиланган ягона стандартларини яратиш вазифаси қўйилган. Натижада суд ҳужжати фақат профессионаллар тушунадиган матн эмас, бузилган ҳуқуқ қандай тикланганини фуқарога аниқ кўрсатадиган адолат тилига айланиши лозим.
“Адолат посбонлари” устуни стратегиянинг инсон капиталига доир ўзагидир. Чунки энг мукаммал қонун, энг замонавий бино ва энг тезкор электрон тизим ҳам уни ҳалол ва малакали инсон бошқармаса, кутилган натижани бермайди. Бу устун халқ хизматида бўлган, юксак маънавий ва профессионал фазилатларга эга, адолат мезонларига қатъий риоя қилувчи судьялар корпусини шакллантиришни кўзда тутади. Академия учун бу вазифа диплом бериш билан эмас, шахсни касбга тайёрлашнинг бутун ҳаётий циклини бошқариш билан ўлчанади.
“Рақамли одил судлов” суд иш юритувини тўлиқ рақамлаштириш ва замонавий технологиялар орқали фуқаро учун қулай ҳамда тезкор муҳокама имкониятини яратишни назарда тутади. Лекин рақамли суднинг сифати дастурлар сони билан эмас, улардан ҳуқуқий ва ахлоқий жиҳатдан тўғри фойдалана оладиган кадрлар билан белгиланади. Электрон далилни баҳолаш, сунъий интеллект натижасининг чегарасини англаш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ва алгоритм ортидаги эҳтимолий хатони кўра билиш келажак судьясининг оддий эмас, зарур саводхонлигидир.
“Халқаро эътироф” эса илғор стандартларни кўр-кўрона кўчиришни эмас, уларни миллий ҳуқуқий муҳитга онгли равишда мослаштиришни талаб қилади. Хорижий стажировка, қиёсий тадқиқот, халқаро сертификация ва Академиянинг нуфузли рейтингларда иштирок этиши битта мақсадга хизмат қилиши кераrЎзбекистон судьясининг профессионал тайёргарлиги халқаро мезонларда тан олинадиган, бироқ миллий қадриятлар ва конституциявий тамойилларга таянган моделни шакллантириш.
Лавозимга тайинланиш билан тугамайдиган узлуксиз касбий ривожланиш жараёни
Стратегия доирасида Академияга юклатилган энг тизимли вазифалардан бири бу одил судлов учун узлуксиз кадрлар тайёрлаш занжирини, яъни “Pipeline model”ни жорий этилишидир. У “магистратура - қайта тайёрлаш - амалий стажировка - баҳолаш - судья лавозимига тавсия этиш - доимий малака ошириш - олий таълимдан кейинги таълим” босқичларини ягона мантиққа бирлаштиради.
Дарҳақиқат, таълим бир марта тугайдиган жараён эмас. Судьяликка номзод аудиторияда назарий билим олади, амалий суд ишлари асосида фикрлашни ўрганади, ўқув жараёнлари ва сайёр суд мажлисларида процессуал ролни ҳис қилади, холис баҳолашни ўрганади ва лавозимга тайинланганидан кейин ҳам касбий ривожланишни давом эттиради. Дуал таълим, case-based learning ва problem-based learning механизмларининг кенг жорий этилиши “тўғри жавобни эслаб қолиш”дан “мураккаб вазиятда асосланган ечим топиш”га ўтишни англатади.
Масофавий таълим шаклини жорий этиш, магистратура мутахассисликларини кенгайтириш ва Академиянинг ташкилий ҳамда академик ваколатларини кучайтириш ҳам шу занжирнинг барқарор ишлашига хизмат қилади. Энг муҳими, судьянинг малакаси лавозимга тайинланган куни энг юқори нуқтага чиқиб, кейин секин янгиланадиган билим эмас, бутун касбий ҳаёт давомида ривожланиб борадиган капиталга айланади.
Компетенцияни ўлчаш бу диплом олишдан ҳам кенгроқ мезондир
Янги моделда “нимани билади?” деган саволнинг ўзи етарли эмас. “Қандай фикрлайди?”, “босим остида ўзини қандай тутади?”, “танқидни қабул қила оладими?”, “манфаатлар тўқнашувини англайдими?” каби саволлар ҳам профессионал баҳолашнинг бир қисмига айланади. Шу мақсадда судьяликка номзодлар, судьялар ва суд аппарати ходимларининг касбий компетенциялар профилини шакллантириш дастури ишга туширилиши белгиланган.
Дастур шахснинг интеллектуал салоҳияти, эмоционал интеллекти, стрессга чидамлилиги ва коррупцияга бардошлилигини баҳолаш, шунингдек, таълим жараёнида билим ва кўникмалар қай даражада ўзлаштирилганини кўриш имконини беради. Судьялар ва суд аппарати ходимлари учун стрессни бошқариш, танқидга бардошлилик ва жамоада ишлаш кўникмаларини ривожлантирувчи мунтазам семинар-тренинглар эса баҳоловчи эмас, ривожлантирувчи воситага айлантиради.
Бу ерда муҳим бир чегара бор, яъни инсон шахсиятини рақамлар билан ўлчаш етарли эмас. Баҳолаш тизими шаффоф, илмий асосланган ва касбий вазифага бевосита боғлиқ бўлсагина ишонч уйғотади. Академиянинг масъулияти ҳам айнан шу компетенцияни холис ўлчайдиган, натижаси эса шахсий ва профессионал ўсишга хизмат қиладиган муҳитни яратиш.
Тор ихтисослашувдан прогноз қилувчи илмий амалиёт сари қадам
Замонавий судья барча мураккаб соҳаларни етарли даражада ўрганиши лозим. Кибержиноят, электрон далиллар, сунъий интеллект, коррупцияга қарши курашиш ва халқаро арбитраж каби йўналишлар махсус тайёргарликни талаб қилади. Шу боис судьяларни мураккаб тоифадаги ишлар бўйича чуқурлаштирилган тайёргарликдан ўтказиш, миллий ва халқаро сертификация тизимини жорий этиш вазифаси белгиланган. Иш тақсимотини сертификация билан боғлаш эса “тажриба бор” деган умумий тасаввурдан аниқ тасдиқланган компетенцияга ўтишни англатади.
Шу билан бирга, Академия ҳузурида Форсайт марказини ташкил этиш режаси прогноз қилувчи институт ғоясини стратегик вазифага айлантиради. Марказ суд амалиёти эҳтиёжларини олдиндан кўриши, суд-ҳуқуқ тизимини ривожлантириш бўйича илмий асосланган таклифлар тайёрлаши керак. Бу ерда илм кечаги қарорга шарҳ бериш билан чекланмайди, у эртага суд залига кириб келадиган муаммони бугундан ўрганади.
Кейинги ўринларда, битирувчиларни бирлаштирувчи “Alumni Association”ни ташкил этиш ва уларнинг касбий ўсишини мониторинг қилиш ҳам Академия билан битирувчи ўртасидаги алоқани диплом топширилган куни узилмаслигини таъминлайди. Эндаумент фонд (Endowment Fund) эса илғор таълим ва илмий-инновацион лойиҳалар учун узоқ муддатли ресурс манбаини шакллантириши мумкин. Халқаро рейтингларга кириш вазифаси бу жараёнларни ташқи мезонлар билан солиштириш, кучли ва заиф томонларни холис кўриш имконини беради.
Ҳалоллик вакцинаси бу таълимнинг ички мазмуни
Фармонда ҳалоллик стандартлари ва коррупцияга нисбатан мутлақ муросасизлик алоҳида вазифа сифатида белгиланган. Судьялар ва суд аппарати ходимлари онгига “ҳалоллик вакцинаси” тамойилини сингдиришда миллий урф-одатлар, поклик, виждонлилик ва умумбашарий қадриятлардан кенг фойдаланиш кўзда тутилмоқда.
Бу иборанинг кучли маъноси бор. Вакцина касаллик пайдо бўлганидан кейин эмас, ундан олдин ҳимоя ҳосил қилади. Худди шундай, коррупцияга қарши таълим ҳам қоидабузарлик содир бўлгач уни муҳокама қилиш билан чекланмаслиги керак. У манфаатлар тўқнашувини барвақт таниш, этик иккиланишни очиқ муҳокама қилиш, реал вазиятда тўғри қарор қабул қилиш ва шахсий масъулиятни ҳис этиш қобилиятини олдиндан шакллантириши лозим.
Шу нуқтаи назардан, ҳалоллик Академияда алоҳида бир фан эмас, қабулдан тортиб баҳолашгача, илмий тадқиқотдан тортиб бошқарувгача бўлган барча жараёнларнинг операцион тамойили бўлиши керак. Фақат шунда судьянинг виждони ташқи назоратнинг ўрнини босмайди, балки унинг энг ишончли ички таянчига айланади.
Хулоса ўрнида
Хулоса қилиб айтганда, Одил судлов академиясида амалга оширилган ва истиқболда белгиланган ишлар муҳим бир ҳақиқатни кўрсатмоқда. Суд тизимини янгилаш суд залидан эмас, балки бўлажак судьянинг билими, тафаккури, касбий маҳорати ва маънавий қиёфаси шаклланадиган таълим муҳитидан бошланади.
ПФ–141-сон Фармон Академиянинг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлаб, судьялар корпусини тайёрлашда таълим, илм-фан ва амалиёт уйғунлигига асосланган янги институционал пойдевор яратган бўлса, ПФ–160-сон Фармон билан тасдиқланган “Одил судлов – 2030” стратегияси ушбу янгиланишларни суд тизимини ривожлантиришнинг узоқ муддатли мақсадлари билан уйғунлаштирди.
Академияга юклатилган вазифалар мазкур ишончни малакали ва юксак маънавиятли кадрлар орқали қарор топтириш механизмини белгилаб берди. Узлуксиз касбий таълим судьянинг доимий ривожланишини таъминлайди, компетенциялар профили уни холис баҳолаш имконини беради, ихтисослашув ва сертификация мураккаб ишларни кўришга тайёрлайди. Ҳалоллик стандартлари судьянинг ички ахлоқий таянчини мустаҳкамласа, илм-фан, рақамли технологиялар ва халқаро ҳамкорлик уни замонавий талаблар асосида ривожлантиради.
Бугун Академия судьяни шунчаки лавозимга эмас, давр талаблари ва халқ ишончига муносиб фаолиятга тайёрламоқда. Зеро, эртанги кун одил судловининг энг катта капитали бу билимни виждон, технологияни масъулият, ваколатни эса инсон қадри ва адолат мезонлари билан уйғунлаштира оладиган судьядир.
Салаев Нодирбек Сапарбаевич
Ўзбекистон Республикаси
Одил судлов академияси проректори