Янги Ўзбекистон – миллий юксалишнинг олтин даври бўсағасида: маҳалла – жамият тараққиётининг асосий буюртмачиси
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқини катта ҳаяжон ва алоҳида масъулият ҳисси билан тингладик. Ушбу нутқ мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичи, келгуси ўн йилликда амалга ошириладиган устувор вазифалар ва халқимиз фаровонлигини таъминлашга қаратилган стратегик мақсадлар белгилангани билан аҳамиятлидир.
Президентимиз таъкидлаганидек, бугун биз тарихнинг янада масъулиятли ва ҳал қилувчи палласида турибмиз. Мамлакатимиз тараққиётнинг мутлақо янги даврига қадам қўймоқда. Келгуси ўн йиллик эса миллий юксалиш даври бўлади. Энг муҳими, бу юксалиш халқимизнинг ақл-заковати, меҳнати ва бирдамлиги асосида бунёд этилади. Шу мақсадда келгуси йилларда инсон қадрини янада юксалтиришга қаратилган 7 та миллий дастур амалга оширилиши эълон қилинди.
Дарҳақиқат, маҳалла – одамларнинг кундалик ҳаёти, ташвиши ва орзу-умидлари яққол намоён бўладиган маскан. Шу боис бугун маҳалла раиси фақат белгиланган вазифаларни бажарувчи раҳбар эмас, балки ҳудуддаги ҳар бир масалага дахлдор, аҳоли дардини тинглайдиган ва унинг ечими учун шахсий масъулиятни ҳис қиладиган етакчи бўлиши талаб этилмоқда.
Чунки маҳалладаги ўзгариш ҳам, одамларнинг давлат ва жамиятга бўлган ишончи ҳам, аввало, жойлардаги амалий иш ва унинг самарасига боғлиқ.
Шундан келиб чиқиб, стратегик дастурларнинг олтинчи йўналиши бевосита маҳаллага бағишлангани биз учун алоҳида аҳамиятга эга. Президентимизнинг “Одамларимизнинг кайфияти, оилаларнинг фаровонлиги, ёшларнинг орзу-истаги, тадбиркорларнинг ташаббускорлиги, энг аввало, маҳаллада намоён бўлади”, деган фикри маҳалланинг жамият ҳаётидаги ўрнини яна бир бор яққол кўрсатди.
Давлатимиз раҳбари маҳаллани жамият тараққиётининг асосий буюртмачисига айлантиришга йўналтириш ташаббусини илгари сурди. Бу – шунчаки янги вазифа эмас. Бу – маҳалланинг мамлакат тараққиётидаги ўрни ва мақомини мутлақо янги босқичга олиб чиқадиган стратегик ёндашувдир.
Агар аввал маҳаллага кўпроқ давлат ва жамият олдида турган вазифаларни жойларда амалга оширадиган тизим сифатида қаралган бўлса, энди у ҳудудни ривожлантириш бўйича қарорларни шакллантиришда бевосита иштирок этадиган, аҳоли номидан талаб ва таклифларни илгари сурадиган асосий буюртмачига айланмоқда.
Нутқда қайд этилганидек, туман бюджети, инвестиция дастури ва инфратузилма лойиҳалари эндиликда маҳалла буюртмаси асосида ишлаб чиқилади. Бунда энг асосий мезон – фуқароларнинг талаб ва эҳтиёжи, маҳалланинг фаровонлиги бўлади.
Бу нима дегани? Бу, аввало, ҳар бир маҳалладаги муаммо ва имкониятларни энг яхши биладиган аҳолининг овози давлат дастурларини шакллантиришда муҳим ўрин тутади, деганидир. Қайси кўчани таъмирлаш зарур, қаерда ичимлик суви, электр энергияси ёки йўл билан боғлиқ муаммо бор, қайси ҳудудда ижтимоий объектга эҳтиёж юқори, ёшларга қандай имконият керак, тадбиркорликни ривожлантириш учун нимани ҳал қилиш зарур – бундай масалалар маҳалланинг ўзида аниқланиб, асосланган буюртма сифатида илгари сурилиши керак.
Шу маънода, “маҳалла буюртмаси” – бу, энг аввало, халқнинг буюртмаси. Унинг замирида одамларни эшитиш, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос эҳтиёжини чуқур ўрганиш ва давлатнинг мавжуд имкониятларини айнан шу эҳтиёжларга йўналтириш ғояси мужассам.
Бугун ана шу янги ёндашувни амалда қарор топтириш борасида ҳам манзилли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Марказий банк ва тижорат банклари билан ҳамкорликда маҳаллаларга янги иш муҳитини олиб кириш, маҳалла раиси ва “маҳалла банкири” ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, улар фаолиятини такомиллаштириш бўйича аниқ чоралар кўрилмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимиздаги 8 992 та маҳаллага жами 3 095 нафар “маҳалла банкири” бириктирилган. Улар учун методик қўлланмалар тайёрланиб, доимий равишда ўқув-амалий семинарлар ташкил этилмоқда. Бу ҳам маҳаллани тараққиётнинг асосий буюртмачисига айлантириш ғоясининг амалий ифодасидир. Чунки маҳалланинг тараққиёти, энг аввало, аҳоли бандлиги, оилалар даромади, тадбиркорлик ташаббуслари ва янги иқтисодий имкониятларнинг кенгайиши билан ўлчанади. Шу мақсадда “Долзарб 40 кунлик” доирасида маҳаллаларда ишларни янги тизим асосида ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамаси, Бош прокуратура, Ҳисоб палатаси, Марказий банк, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан ҳамкорликда қўшма фармойиш қабул қилдик.
“Еттилик” томонидан ўтказилган хатлов давомида 521 631 нафар ишсиз ва меҳнат бозорига кириб келган фуқаролар аниқланиб, уларнинг манзилли рўйхати шакллантирилди. “Долзарб 40 кунлик” доирасида маҳалла раислари томонидан “Рақамли маҳалла” платформасидаги 353 842 нафар ишсиз фуқаро бўйича буюртмалар шакллантирилиб, “маҳалла банкир”ларига юборилди.
Бу жараённинг ўзи ҳам “маҳалла – буюртмачи” тамойилининг амалдаги кўринишидир. Яъни маҳалла муаммони шунчаки аниқлаб қўяётгани йўқ. У эҳтиёжни ўрганмоқда, буюртмани шакллантирмоқда ва уни аниқ ечимга йўналтирмоқда. Президентимиз нутқида белгиланган маҳалла билан боғлиқ миллий дастурнинг туб моҳияти ҳам ана шунда.
Маҳалла давлат сиёсатининг энг қуйи бўғини эмас, балки инсон манфаати ва ҳудуд тараққиёти кесишадиган энг муҳим нуқтага айланиши керак. Бу янги тизим маҳалла фаоллари, “еттилик”, ҳудудий тузилмалар ва барча мутасаддилардан ишга муносабатни ҳам ўзгартиришни талаб этади.
Энди маҳалладаги иш самараси қоғоздаги ҳисоботлар ёки ўтказилган тадбирлар сони билан эмас, балки одамлар ҳаётидаги реал ўзгариш билан ўлчаниши лозим. Оила даромади ошдими? Ёшлар ишли бўлишдими? Тадбиркорнинг ташаббуси қўллаб-қувватландими? Муаммоли кўча обод бўлдими? Аҳолини қийнаётган масалага ечим топилдими? Ана шу натижалар маҳалладаги фаолиятимизнинг ҳақиқий баҳоси бўлади.
Шу билан бирга, Президентимиз нутқида илгари сурилган мазкур ғояларни кенг жамоатчиликка тўғри ва тушунарли етказиш ҳам муҳим вазифамиздир. Одамлар 7 та миллий дастур нима учун белгиланганини, уларнинг инсон қадри ва фаровонлигига қандай хизмат қилишини, айниқса, олтинчи йўналиш сифатида маҳаллага берилган юксак эътиборнинг моҳиятини чуқур англаб етиши зарур.
“Маҳалла – асосий буюртмачи” деган тамойил ҳар бир фуқаро учун оддий ва тушунарли мазмун касб этиши керак. Бу – “Маҳалламизга нима керак?”, “Одамларимизни нима қийнаяпти?”, “Қайси муаммони биринчи навбатда ҳал қилишимиз зарур?” деган саволларга жамоа бўлиб жавоб топиш демакдир.
Шу жиҳатдан тарғибот ва тушунтириш ишларида ҳам Президентимиз нутқидаги асосий ғоялар – миллий юксалиш, инсон қадри, халқ билан бирдамлик ва маҳалланинг тараққиётдаги янги ўрни ўзаро уйғун ҳолда етказилиши лозим. Чунки келгуси ўн йилликни миллий юксалиш даврига айлантириш, аввало, ҳар бир маҳалладаги ўзгаришдан бошланади.
Ҳар бир оиланинг фаровонлиги, ҳар бир ёшнинг орзуси, ҳар бир тадбиркорнинг ташаббуси ва ҳар бир фуқаронинг розилиги маҳаллада намоён бўлади. Шу боис маҳаллани жамият тараққиётининг асосий буюртмачисига айлантириш – халқимизнинг хоҳиш-иродасини тараққиёт дастурларининг бош мезонига айлантириш демакдир.
Бизга билдирилган ана шу юксак ишончни оқлаш, Президентимиз белгилаб берган маҳалла билан боғлиқ миллий дастурнинг мазмун-моҳиятини ҳар бир маҳалла, ҳар бир кўча ва ҳар бир хонадонгача етказиш, уни аниқ амалий натижаларга айлантириш барчамизнинг энг муҳим вазифамиздир. Зеро, миллий юксалишнинг ҳақиқий натижаси, аввало, маҳаллада, инсонлар ҳаёти ва оилалар фаровонлигида намоён бўлиши керак.
Қаҳрамон ҚУРОНБОЕВ,
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси,
сиёсий фанлар доктори, профессор