“Янги Ўзбекистон” массивлари серфайз гўшага айланмоқда
Жорий йилда Сурхондарё вилоятидаги бешта “Янги Ўзбекистон” массивида 5 минг 90 ўринли 145 та замонавий кўп қаватли уй-жой қад ростламоқда. Уларнинг 66 тасида ўтган йили қурилиш ишлари бошланган бўлса, 79 тасининг пойдевори шу йил ташланган. Барча қулайликларга эга арзон ва шинам янги хонадонлар 5 минг 90 оиланинг уй-жойга бўлган талабини қондиради.
Инсон қадри улуғланиб, халқпарвар давлат барпо этилаётган мамлакатимизда аҳолининг муносиб турмуш кечириши учун барча қулайлик яратилмоқда. Бу жараёнда “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”да белгилаб олинган вазифалар муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир. Жумладан, Стратегияда реновация ва уй-жойлар дастурлари асосида шаҳарларда эскирган уйлар ўрнига 19 миллион квадрат метрдан ортиқ замонавий уй-жойлар барпо этиш, 275 мингдан зиёд оиланинг янги массивларга кўчиб ўтиши учун шароит яратиш вазифаси қўйилган.

Эндиликда бундай улуғ мақсадлар Сурхондарё вилоятини ҳам улкан бунёдкорлик майдонига айлантириб, уй-жойга муҳтож аҳолининг орзу-умидларини бекаму кўст рўёбга чиқаришга ундади. Шаҳару қишлоқларда янги уйлар қурилишига эътибор янада кучайтирилди. Вилоят ҳокимлигидан олинган маълумотларга кўра, бу йил воҳада 11 минг 46 хонадонли 246 та уй-жой қурилиб, фойдаланишга топширилади. Уларнинг 5 минг 956 хонадонли 101 таси уй-жойга талаб юқори бўлган ҳудудларда, 5 минг 90 хонадонли 145 таси “Янги Ўзбекистон” массивларида қурилмоқда. Ангор туманидаги Шарқ гули маҳалласида 526 хонадонли 23 та, Бойсун туманидаги Мустақиллик маҳалласида 440 хонадонли 22 та, Жарқўрғон туманидаги Қораянтоқ маҳалласида 992 хонадонли 47 та кўп қаватли уйларда қурилиш ишлари қизғин давом этмоқда. Сариосиё туманидаги Лутфкор маҳалласида қад ростлаётган 35 та кўп қаватли замонавий турар-жой биносига 1 минг 152 та, Термиз туманидаги Янгиобод маҳалласида бунёд этилаётган 18 та кўп қаватли уй-жойга 1 минг 980 та оила кўчиб ўтади.

– Бу массивлар барча замонавий шароитларга эга бўлаётгани билан одамларда катта қизиқиш уйғотмоқда, – дейди вилоят ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари котибияти бош мутахассиси Нурислом Тўрақулов. – Хонадонлар кенг, ёруғ ва шинам. Ҳудудда яшайдиган аҳоли учун қулай инфратузилма яратиляпти. Масалан, шу йилнинг ўзида иккита массивда 660 ўринли мактаб, биттасида 180 ўринли боғча ва 1 та 50 қатновли оилавий поликлиника барпо этилди. Барча массивлар муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминланиб, ҳудудлар ободонлаштирилмоқда. Болалар ўйингоҳлари, хизматлар кўрсатиш ва сервис иншоотлари қурилаётир. Бу каби объектларга қуёш панеллари ва энергия тежамкор ёритиш тизимлари ўрнатилаётгани ҳам аҳамиятли бўлмоқда.

Вилоятдаги “Янги Ўзбекистон” массивларидаги хонадонларни табиий газ, электр энергияси ва тоза ичимлик суви, иссиқлик тармоғи билан таъминлаш, кенг, равон автомобил йўллари ва пиёдалар йўлакчалари қуриш юзасидан кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Оқова сув қувурлари тортилмоқда. Хусусан, йилнинг ўтган даврида тўртта массивда 7,3 километр электр тармоғи тортилиб, олтита трансформатор пункти ўрнатилди. Табиий газ таъминоти бўйича лойиҳада кўрсатилган барча ишлар бажарилди.

Массивлардаги кўп қаватли уйларнинг ичимлик ва оқова сув тармоқларини қуриш учун 68,5 миллиард сўм маблағ йўналтирилмоқда. Бу маблағ эвазига 8 та сув иншооти, 13,5 километр ичимлик, 20,2 километр оқова суви тармоқларини барпо этиш режалаштирилган.
– Ҳозиргача беш километр тоза ичимлик ҳамда ўн километрдан ортиқ оқова суви қувури тортилди,–дейди “Сурхондарё сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти раиси Абдумуталиб Арабов. – Бу ишлар, айниқса, Ангор, Бойсун, Жарқўрғон туманларида жадал суратларда олиб борилиб, муддатидан илгари бажарилди. Сариосиё туманида 7,1 километр ичимлик ҳамда 10,1 километр оқова сув тармоғи тортиш ишларини якунлашга ҳозирлик кўрилмоқда. Иккита сув иншоотида қурилиш ишлари ниҳоясига етказилмоқда. Массивларда белгиланган ишларни муддатида бажаришимиз учун етарли имконият бор.

Маҳаллий материаллар асосида бунёд этилиб, воҳа қиёфасини тубдан ўзгартираётган “Янги Ўзбекистон” массивларида иш қизғин. Қурилиш–монтаж ишларини тез, сифатли бажариш ва кўп қаватли уйларда аҳолининг ҳаётидан рози бўлиб яшашини таъминлаш учун 1 минг 200 дан ортиқ қурувчи меҳнат қилаётир. Бунёдкорлар икки юздан зиёд қурилиш техникасидан оқилона фойдаланиб, турар–жой бинолари ва бошқа иншоотларни ўз муддатида фойдаланишга топширишга ҳозирлик кўрмоқда. Демак, янги уй тўйлари билан замонавий массивлар янада файзли бўладиган қувончли кунлар яқинлашмоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири