
ФОТОРЕПОРТАЖ
Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ тумани бугун бунёдкорлик ва тараққиётнинг ёрқин тимсолига айланган. “Янги Ўзбекистон” массиви – Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг узоқни кўзлаган сиёсати ва мамлакатимизда шиддат билан илгарилаётган урбанизация жараёнларининг беназир самарасидир. Ушбу массивнинг барпо этилиши нафақат туманнинг меъморий қиёфасини тубдан ўзгартирди, балки аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига янгича мазмун бағишлади.
Массив ҳудудида мукаммал транспорт йўллари, рақамли коммуникация тармоқлари, яшил хиёбонлар ва ёш авлод учун барча шароитларга эга спорт майдончалари мавжуд. Бу манзил вилоятда илк бор бунёд этилган, сифатли ва қисқа муддатда фойдаланишга топширилган замонавий массив эканлиги билан алоҳида аҳамиятга эга.
Янги массивда барча замонавий талабларга жавоб берувчи мактаблар, болалар боғчалари, тиббиёт муассасалари ва савдо мажмуалари халқ хизматида. Аҳолининг мазмунли дам олиши учун сўлим боғлар ва жамоат жойлари яратилган бўлиб, бу ерда яшаш сифати юқори даражага кўтарилган.
Уй-жойларнинг нархлари аҳолининг харид қобилиятини инобатга олган ҳолда белгиланган бўлиб, бу ҳар бир оиланинг ўз уйига эга бўлишига имкон яратади. Шунингдек, коммунал хизматларнинг узлуксиз таъминланиши ва ҳудуднинг доимий равишда ободонлаштириб турилиши аҳоли ҳаётини янада фаровон қилади.
Массивни лойиҳалаштиришда экологик барқарорлик масаласига алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, бу ерга кўплаб дарахт ва гуллар экилган, яшил ҳудудлар майдони кенгайтирилган. Автомобиллар ҳаракатини чеклаш мақсадида пиёдалар йўлаклари ва велосипед йўллари ташкил этилган. Бу эса ҳавонинг тозалигини сақлаш ва аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлашга хизмат қилиши билан аҳамиятли.
Яккабоғнинг янгиланган қиёфаси хорижий ва маҳаллий инвесторларнинг эътиборини жалб этишда муҳим омил бўлмоқда.
[gallery-23983]
“Янги Ўзбекистон” массиви – бу нафақат Яккабоғ туманининг, балки бутун Қашқадарё вилоятининг фахри. Мазкур массивнинг муваффақиятли ривожланиши Янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлик салоҳиятини намоён этади ва мамлакатимизнинг келажагига бўлган ишончни мустаҳкамлайди.
Жамшид НОРҚОБИЛОВ (сурат), ЎзА