Янги Ўзбекистон маҳаллалари – ободлик, ҳамжиҳатлик маскани
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси томонидан Ўзбекистон журналистлар уюшмаси билан ҳамкорликда Тошкент вилояти ҳудудида оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида Медиа-тур ташкил этилди.
Айтиш керакки, бугунги кунда мамлакатимиз маҳаллаларида ишсизликнинг олдини олиш, камбағалликка барҳам бериш, оилавий ажримлар, жиноятчиликнинг йўлини тўсиш масаласига устувор аҳамият қаратилмоқда.
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси юртимиздаги мавжуд барча маҳаллалардаги мавжуд вазиятни онлайн платформа орқали доимий мониторинг қилиб бориш билан биргаликда, ушбу тузилма раҳбарияти ҳар бир оғир маҳалла ҳаёти билан яқиндан танишиб, унга ҳар томонлама кўмак кўрсатаётгани эътиборга молик.
Пресс-тур аввалида журналистлар бу борада уюшмада йўлга қўйилган янгиликлар, замонавий иш услублари, Ситуацион марказ, Медиа студия билан батафсил танишди. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раисининг ўринбосари Долли Аллаев бу борада медиа соҳа вакилларига батафсил маълумот берди.
Айтиш керакки, Тошкент вилоятида маҳаллалар тизимини ривожлантириш, аҳолига қулай шароит яратиш ҳамда ижтимоий инфратузилмани яхшилаш бўйича кенг кўламли ишлар изчил амалга оширилмоқда. Бугунги кунда вилоятда 3 миллион 190 минг 690 нафар аҳоли истиқомат қилиб, 716 минг 964 та хонадон ва 950 минг 282 та оила мавжуд. Улар 883 та маҳалла ҳудудида яшаб келмоқда.
Сўнгги йилларда маҳаллалар сонини мақбуллаштириш ва бошқарув тизимини самарали ташкил этиш мақсадида уларнинг сони 1025 тадан 883 тага қисқартирилди. Ушбу ислоҳотлар натижасида 43,4 миллиард сўм маблағ иқтисод қилиниб, бу ресурслар маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилашга йўналтирилди.
Хусусан, қисқартириш ҳисобига 20 та маҳаллада янги бино ва иншоотлар барпо этилди. 2025 йилнинг 22–23 август кунлари ўтказилган умумхалқ хайрия ҳашари доирасида тушган маблағлар ҳисобидан 4,2 миллиард сўм маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантиришга сарфланди.
Шу билан бирга, жами 50 та маҳалла бинолари 17,4 миллиард сўм маблағ ҳисобидан янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилди. Мазкур қурилиш ишлари турли манбалар, жумладан маҳаллий бюджет, давлат-хусусий шерикчилик ва ҳомийлар кўмаги асосида амалга оширилди.
Энергия самарадорлигини таъминлаш борасида ҳам салмоқли ишлар қилинди. Жумладан, 481 та маҳалла фуқаролар йиғинлари биноларига
10,6 миллиард сўм эвазига қуёш панеллари ўрнатилди, шунингдек 68 та эҳтиёжманд оилага 1,9 миллиард сўм маблағ ҳисобидан қуёш панеллари етказиб берилди.
Келгусида ушбу ишлар изчил давом эттирилиб, 2026 йил якунига қадар яна 11 та маҳалла бинолари қурилиб фойдаланишга топширилиши, 100 та ижтимоий реестрда турган оилаларга қуёш панеллари ўрнатилиши ҳамда вилоят бошқармаси учун янги бино барпо этилиши режалаштирилган.
Бу эзгу ишларнинг бари аҳолининг яшаш шароитларини янада яхшилаш, энергия тежамкорлигини ошириш ва маҳаллалар фаолияти самарадорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Медиа-тур иштирокчилари Тошкент вилояти ҳудудларига йўл олиб, Ўрта Чирчиқ туманидаги Дўстлик маҳалласида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди. Бу ерда “маҳалла еттилиги” фаолияти, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизими, ижтимоий муаммоларни бартараф этиш, бандлик ва ижтимоий ҳимоя йўналишидаги ишлар амалда кўрсатилди.
Шунингдек, маҳаллада ўтказилган сумалак сайли орқали миллий қадриятлар, ҳамжиҳатлик ва қўшничилик анъаналари намоён этилиб, нуронийлар ўртасида спорт тадбирлари ҳамда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратилган ташаббуслар кўрсатилди.
“Камбағалликдан фаровонлик сари” ва “Бир маҳалла — бир маҳсулот” тамойиллари асосида оилавий тадбиркорлик ва томорқа хўжалиги бўйича амалий натижалар ҳам намойиш этилди.
Медиа-тур доирасида Пискент туманидаги Мингтепа маҳалласига ташриф давомида аҳоли бандлигини таъминлаш, томорқа маданиятини ривожлантириш, оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда кексаларга ҳурмат-эътибор кўрсатишга оид ишлар билан яқиндан танишди.
Шунингдек, мазкур манзилда ҳам “Бир маҳалла — бир маҳсулот” тамойили асосида ташкил этилган хўжаликлар, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида амалга оширилган ишлар, бундан ташқари, янги барпо этилаётган узумзор майдонлари ҳамда миллий анъаналарни ўзида акс эттирган сумалак сайли ташкил қилинди.
Кейинги ҳудуд, яъни Бўка туманидаги Навобод маҳалласида медиа-тур иштирокчилари учун янада бой ва ранг-баранг дастурлар тақдим қилинди.
Навобод маҳалласида янги иш ўринлари яратишга оид ишлар - тикув цехи, маҳалла биноси, кутубхона ва тиббиёт пункти, спорт майдонлари ва мини-стадион бунёд этилгани эътиборга лойиқ.
Тадбир доирасида тадбиркорлик фаолияти, аҳоли билан очиқ мулоқотлар, миллий таомлар кўргазмалари ва маданий чиқишлар ҳам ташкил этилиб, маҳаллалардаги ижтимоий муҳит ва ҳаёт тарзи ҳар томонлама кўрсатиб берилди.
Мазкур медиа-тур маҳаллаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижаларини намоён этиш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ва давлат ҳамда жамоатчилик ўртасидаги очиқ мулоқотни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
[gallery-28698]
Бугун юртимиз маҳаллалари тобора обод бўлиб бормоқда. Бунда муаммоларга биргаликда ечим топиш, инсон қадри ва манфаатларини энг устувор қадрият билиш тамойили устуворлиги ютуқларнинг асосий омили бўлмоқда.
Назокат Усмонова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА