Мамлакатимизда сўнги йилларда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг бош мезони Бош қомусимиз – Ўзбекистон Республикаси Конституциясидир. Янги таҳрирдаги Конституция чин маънода инсон ҳуқуқларини олий қадриятга айлантирган бош қонунга айланди. Чунки янгиланган қонунда инсон ҳуқуқларига оид нормалар уч ярим баробарга ошганини кўришимиз мумкин.
Буни биз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси муқаддимасиданоқ «Ўзбекистон халқи инсон ҳуқуқларига ва давлат суверенитети ғояларига содиқлигини тантанали равишда эълон қилиб» деган сўзлардан бошланишидан кўришимиз мумкин.
Айниқса, Бош қомусимизнинг 13-моддасида «Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади» деб мустаҳкамланиши давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар фаолиятининг асосий мақсади ва йўналишларини яққол ифода этди.
Конституциясида давлат инсон ҳуқуқлари бўйича бир қатор мажбуриятлар олган бўлиб, уларга хусусан, давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга ошириши, давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилиши, давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъул эканликлари, Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлаши, уларнинг ривожланиши учун шароит яратиши, Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлаши кабиларни мисол қилиб келтириш мумкин.
Қисқа вақтда халқ ва давлат ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамланиб, ислоҳотларнинг бош ғояси «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилмоғи лозим» деган тамойилга асосланиб олиб борила бошланди.
Янгиланган Бош қомусимизда Ўзбекистон ижтимоий давлат эканлиги борасида норма мустаҳкамланди. Ушбу норма албатта, Конституциянинг кейинги моддаларида мустаҳкамланиб, ижтимоий давлат моҳияти фақат назарий эмас, амалий жиҳатдан ҳам мустаҳкамланди.
Хусусан, Конституциямизнинг 45-моддасига кўра, «Вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир» деб белгилаб қўйилган. Дарҳақиқат, бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланиши лозим.
Конституциянинг 55-моддасида илк маротаба «Ҳар ким Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этишга ҳақли» деган норманинг киритилгани мамлакатимиз фуқароларини ҳар қандай шароитда ҳуқуқини ҳимоя қилиш, керак бўлса халқаро инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатларига мурожаат этиш ҳуқуқи ҳам мустаҳкамлангандир.
Умуман олганда, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларининг юксак ва мукаммал тарзда таъминланиши ва давлат томонидан амалга оширилишининг мустаҳкам кафолатланиши халқнинг давлатдан розилиги, ўз юрти, халқи тараққиётига ҳисса қўшишга ҳамнафас ва ҳамкор бўлувчи, юртдан рози бўлувчи инсонлар сонининг ортишига хизмат қилмоқда.
Асроржон Сатторов,
Маҳмуджон Комилов,
Жамоат хавфсизлиги университети доцентлари