Янги Ўзбекистон иқтисодиётига инвесторларнинг қўшилаётган ҳиссаси доим қадрли
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Хорижий инвесторларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари тинглангач, давлатимиз раҳбари мулоқот ғоят мазмунли ва фойдали бўлганини таъкидлади.
– Айниқса, амалий натижага йўналтирилган таклифларингиздан жуда хурсанд бўлдим.
Чин ҳамкорларимизнинг барча ташаббуслари халқимиз фаровонлиги ва инвестиция муҳитини яхшилашга хизмат қилади.
Янги Ўзбекистонда очиқ, барқарор ва рақобатбардош иқтисодиётни барпо этишга қўшаётган ҳиссангиз биз учун доим қадрли.
Бу каби мулоқотларимиз қанча кўп бўлса, ишимиз шунча олдинга кетади.
Барчангизга кенгашимизда иштирок этганингиз учун самимий раҳмат айтмоқчиман. Фурсатдан фойдаланиб, сизларга мустаҳкам соғлиқ, профессионал фаолиятингиз ва шахсий ҳаётингизда улкан муваффақиятлар тилайман, – деди Президентимиз сўзининг якунида.
ЎзА