Янги Ўзбекистон – инсон қадри улуғланган юрт
Мазкур шиор остида Қашқадарё вилояти Қарши туманида пойтахтлик тарғиботчилар иштирокида бадиий кеча ташкил этилди.
Тадбир аввалида Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ходжиматов ва туман раҳбари Беҳзоджон Юсупов туман аҳлини байрам билан қутлади. Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг барчаси халқ манфаатига хизмат қилиши таъкидланди.


“Янги Ўзбекистонда инсон қадри улуғланган” номли шиорлар билан безатилган майдон узра ўзгача шукуҳ, шодумонлик ва кўтаринкилик ҳукмрон бўлди. Мустақил Ўзбекистонимизнинг байроқлари ҳилпиради. Тадбир давомида элимиз ардоғидаги хушовоз хонандалар, маданият вакиллари, қизиқчи, актёр ва актрисаларнинг чиқишларини қатнашчилар гулдурос қарсаклар қарши олди. Дилрабо куй-қўшиқлар рақсларга уланди.
– Таниқли санъаткорларнинг чиқишлари, куй-қўшиқлар барча-барчаси жуда мароқли бўлди, – дейди Қарши туманилик Мурод Хонимқулов. – Мен туманнинг чекка қишлоғида тураман ва бугунги тадбирга ташриф буюрган эл ардоғидаги ижодкорларни рости телеканаллар орқали кўрганман. Улар билан юзма-юз учрашдик, санъат намуналарини жонли тингладик. Тадбир ташкилотчиларидан миннатдорман.
Тарғибот тадбирлари вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида давом этмоқда.


Ўлмас Баротов, ЎзА.