Янги ўқув йили: талаба-спортчилар кутиб олинмоқда
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида янги ўқув йили бошланиши муносабати билан олис ҳудудлардан келиб таҳсил оладиган талаба-ёшларни ётоқхоналарга жойлаштириш жараёнлари қизғин давом этмоқда.
Айтиш лозимки, бугунги кунда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида 3 та Талабалар турар жойи фаолият юритиб, уларда 2,3 минг нафарга яқин талабани жойлаштириш имконияти мавжуд.
Университетнинг мавжуд ётоқхоналаридан жой олиш учун онлайн ариза топширган талабалар белгиланган тартибда босқичма-босқич ётоқхоналарга жойлаштирилмоқда.
Талабаларни университет масъуллари кутиб олиб, уларнинг ётоқхоналарга жойлашиши учун зарур ташкилий жараёнларни амалга оширмоқда.

Университет раҳбарияти талабалар, уларнинг ота-оналари билан бевосита суҳбатлашиб, мурожаат ва таклифлар тингланмоқда. Юзага келаётган муаммоли масалалар жойида тезкорлик билан ҳал этиб борилмоқда.

– Мамлакатимизда спорт таълимига алоҳида эътибор берилиши, қабул жараёнига рақамли технология тизимлари татбиқ этилиши натижасида муносибларни талабаликка қабул қилиш ишлари самарали олиб борилди. Бу йил юзлаб чемпионлар, халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришган ёшлар талабаликка қабул қилинди. Янги ўқув йили давомида талабалар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда уларнинг таълим олиши, ўқув-машғулотларда, мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиши учун университет ётоқхоналарида, машғулот залларида муносиб муҳитни таъминлаш асосий вазифамиз ҳисобланади, – дейди университет ректори Рашид Маткаримов.
Т.Рўзиев, ЎзА