Янги меҳмонхоналар аҳоли хизматида
Самарқанд шаҳри куни муносабати билан қадимий кентда бир қатор янги объектлар, жумладан, учта меҳмонхона фойдаланишга топширилди.
Университет хиёбонида очилган “Continetal hotel Samarqand” меҳмонхонаси бир вақтнинг ўзида 150 нафар меҳмонни қабул қилиш имкониятига эга. Умумий лойиҳа қиймати 10 миллиард сўмни ташкил этган меҳмонхона ишга туширилиши билан 30 та янги иш ўрни яратилди.
Шаҳарнинг Сўзангарон кўчасида тадбиркор Зокиржон Ашуров томонидан 8 миллиард маблағ сарфланиб, бунёд этилган 64 ўринли “Shohjahon” меҳмонхонаси ҳам маҳаллий ва хорижлик сайёҳларга юқори сифатли хизмат кўрсата олади. 32 хонадан иборат иншоотда меҳмонлар учун барча шароит ва имкониятлар яратилган. Иншоотнинг ишга тушиши билан 15 киши доимий иш ўрнига эга бўлди.
– 86 ёшга кириб бугунгидек фаровонликни кўрмагандим, – дейди тадбиркорнинг онаси Санобар Турсунова. – Шаҳримиз кун сайин гўзаллашиб бормоқда. Фарзандларим ҳам ўзимиз яшаган эски ҳовлимиз ўрнида мана кўркам бинони қурди. Бу ҳам шаҳар кўркига кўрк қўшди. Энди бу ҳовли меҳмонларга хизмат кўрсатади.
[gallery-9178]
Байрамга муносиб туҳфа бўлган 110 ўринли “Zarafshon Parkside” меҳмонхонаси ҳам бугундан меҳмонлар учун ўз эшикларини очди. Шаҳар марказида жойлашган ушбу бинода 150 ўринли анжуманлар ва 170 ўринли танталар заллари, тематик боғ мавжуд.
Лойиҳанинг иккинчи босқичида яқин орада бу ерда яна 65 хонадан иборат бино фойдаланишга топширилади ва яхлит мажмуа сифатида 250 нафар меҳмонни қабул қилиш имконияти яратилади.
Меҳмонхоналарнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов, Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов иштирок этиб, мазкур янги объектлар вилоятда туризмни янада ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Маълумотларга кўра, жорий йил бошидан буён Самарқандда 35 та, биргина сентябрь ойида 13 та меҳмонхона фойдаланишга топширилди. Айни пайтда вилоятда 500 га яқин жойлаштириш воситалари мавжуд.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА