Янги Марказий Осиё –бирдамлик, тараққиёт ва ишонч макони
Бугун Марказий Осиё минтақаси тарихида янги, масъулиятли ва умидли бир босқич бошланмоқда. Илгари турли зиддиятлар, ёпиқ чегаралар ва ўзаро ишончсизлик билан белгиланган бу макон эндиликда очиқ мулоқот, бирдамлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка асосланган маконга айланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Марказий Осиё янги давр остонасида” номли мақоласи айнан шу жараённинг мантиқий ифодаси сифатида тарихий аҳамиятга эга бўлиб, у минтақанинг келгуси ривожланиш йўналишларини белгилаб берувчи муҳим дастурий ҳужжат сифатида эътибор қозонди.
Албатта, Марказий Осиёда кузатилаётган янгиланиш жараёнлари тасодиф эмас. Бу сўнгги етти-саккиз йил давомида давлат раҳбарларининг оқилона сиёсий иродаси, халқлар орзу-умидларига мос дунёқараш ҳамда ўзаро ишончга асосланган янги сиёсий маданиятнинг самарасидир. Ҳақиқатан ҳам, бугун минтақа мамлакатлари “биз фақат географик эмас, балки тарихий ва тақдирий жиҳатдан ҳам боғланган халқлармиз” деган ҳақиқатни амалда исботламоқда.
Президент мақоласидаги асосий ғоя бу бирдамлик ва ҳамжиҳатликдир. Илгари чегаралар халқларни ажратган бўлса, бугун улар ҳамкорлик кўпригига айланмоқда. Давлатлар ўртасида чегараларни ҳуқуқий жиҳатдан аниқлаш, сув ва энергетика ресурсларидан адолатли фойдаланиш, Қамбарота ГЭС-1, Зарафшон ва Фондарё каби қўшма лойиҳаларни амалга ошириш каби ишлар янги сиёсий тафаккурнинг амалий кўринишидир. Бу ҳолат чегарани эндиликда фақат географик чизиқ эмас, балки ишонч, дўстлик ва ўзаро эҳтиром рамзига айлантирмоқда.

Мақолада Президентимиз таъкидлаган яна бир муҳим жиҳат бу “ички дипломатия” концепциясидир. Яқин ўтмишда минтақадаги муаммолар ташқи воситачилар ёрдамида муҳокама этилган бўлса, эндиликда давлат раҳбарлари ўзаро очиқ ва ишончли муҳитда тўғридан-тўғри мулоқот олиб бормоқда. Маслаҳат учрашувлари ва саммитлар бу жараённинг институционал асосига айланиб, минтақадаги муаммоларни минтақа ичида ҳал этиш анъанасини шакллантирмоқда. Шу маънода, Тошкент саммити фақат навбатдаги тадбир эмас, балки стратегик ҳамжиҳатликнинг янги босқичи бўлиши шубҳасиз.
Мақолада келтирилган рақамлар ҳам жуда аҳамиятли: сўнгги йилларда минтақавий савдо ҳажми икки баробар, инвестициялар беш баробар ўсгани, саноат ўсиш суръатлари жаҳон кўрсаткичидан юқори бўлаётгани бугунги сиёсий яқинлашувнинг иқтисодий натижасидир. Бу рақамлар Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ишонч нафақат сиёсий, балки иқтисодий интеграцияни ҳам кучайтирганини кўрсатади. “Қўшничилик – хавф эмас, имконият” деган фикр бугунги минтақавий ҳамкорлик сиёсатининг бош ғоясига айлангани яққол сезилади.
Мақолада инсон капиталини ривожлантириш, айниқса, ёшлар салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш масаласига катта урғу берилган. Марказий Осиёнинг 80 миллионлик аҳолиси ва ёш демографик таркиби бу улкан имкониятдир. Аммо бу имкониятни тўлиқ амалга ошириш учун таълим, фан, инновация ва маданият соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш зарурлиги таъкидланди. Ёшлар учун қўшма форумлар, илмий алоқалар ва маданий дастурлар ташкил этилиши минтақавий “Марказий Осиё фуқаролиги” ҳиссини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шу билан бирга, Президентимиз мақолада минтақавий хавфсизлик масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратган. Бугунги мураккаб геосиёсий шароитда Марказий Осиё давлатларининг ягона позицияда бўлиши муҳим аҳамиятга эга. “Хавфсизликнинг бўлинмаслиги” принципи минтақа барқарорлиги учун асосий мезон сифатида илгари сурилган. Афғонистон масаласини минтақавий барқарорликнинг бир қисми сифатида кўриш бу нафақат инсонпарварлик, балки стратегик эҳтиёж ҳамдир. Афғонистон орқали ўтадиган транспорт йўлаклари ва трансафғон темир йўли лойиҳаси минтақани жаҳон иқтисодий тизимига боғлайдиган муҳим қадам бўлади.
Шу билан бирга, “Марказий Осиё плюс” форматларининг шаклланиши минтақа давлатларининг халқаро майдондаги нуфузини янада оширади. Илгари ҳар бир давлат алоҳида мулоқот юритган бўлса, бугун улар ягона овоз билан жаҳоннинг етакчи давлатлари билан муносабатлар ўрнатмоқда. Бу жараён нафақат иқтисодий, балки сиёсий суверенитет ва минтақавий нуфузни мустаҳкамлаётганини кўрсатади.
Президентимизнинг “Биз девор эмас, кўприк барпо этмоқдамиз” деган сўзлари мақоланинг фалсафий ва амалий моҳиятини ифода этади. Бу фикр Марказий Осиёнинг янги дунёқарашини, очиқ ва ишончли ҳамкорлик сиёсатини акс эттиради. Бугун минтақа мамлакатлари тинчлик, тараққиёт ва бирдамлик йўлини онгли равишда танлади. Бу йўл фақат давлатлар эмас, балки миллионлаб инсонларнинг тақдири билан боғлиқдир.
Янги Марказий Осиё бу сиёсий лойиҳа эмас, балки умумий келажакдир. Бу келажакни рўёбга чиқариш учун энг муҳим омил ўзаро ишонч ва дўстона муносабат ҳисобланади.
Даврон Кесимов,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари,
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.
ЎзА