Янги маърифий муассасалар ташкил этилмоқда
Мамлакатимизда ташкил этилаётган маърифий-маданий масканлар ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг аждодларимиз ҳаёти, ибратли фаолиятига оид билимларини бойитишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 13 апрелдаги қарори билан Бердақ номидаги Қорақалпоқ адабиёти тарихи музейи ҳамда Маҳмудхўжа Беҳбудий уй-музейини ташкил этишга оид ташаббуслар ҳам айни эзгу мақсадларни кўзламоқда.
Бердақ номидаги Қорақалпоқ адабиёти давлат музейи давлат муассасаси шаклида, Маҳмудхўжа Беҳбудий уй-музейи эса "Самарқанд" давлат музей-қўриқхонаси филиали сифати ташкил этилмоқда.
Қарорга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг Нукус шаҳар, Ч.Абдиров кўчаси, 1-уй манзилидаги бино ва иншоотларини мол-мулки ва бошқа моддий бойликлари билан бирга бир ой муддатда музейга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилишини таъминлайди.
Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан эса Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги, Маданият вазирлиги билан бирга Самарқанд шаҳар, Мирсаид Барака кўчасидаги 47-уй манзилида жойлашган бино ва иншоотлар "Самарқанд" давлат музей-қўриқхонасига оператив-бошқарув ҳуқуқий асосида текинга берилиши таъминланади. Ушбу объектга уй-музей бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилиши кўзда тутилган.
Мазкур музей ва уй-музейларда Бердақ ва Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти,ибратли фаолияти, ижодий меросига оид маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари, ижодкор зиёлилар, олимлар билан учрашувлар ташкил этилиши кўзда тутилган.
Н.Усмонова, ЎзА