Янги кон – янги имкониятларга қанот
Нурота туманининг Қизилча қишлоғи томонга йўлим тушса, ҳар доим ажойиб шоир, катта қалб эгаси бўлган, раҳматли Муҳаммад Ражабнинг қуйидаги шеърлари эсимга тушади:
Тоғлар кийди гулдор кўйлагин,
Сойлар сўйлар ажиб эртагин,
Чучмомалар очилди тағин,
Қизилчада бошланди баҳор.
2024 йил февраль ойининг сўнгги кунлари. Нурота туманидаги “Пистали” кони, унинг негизида йилига 4 миллион тонна олтин маъданини қайта ишлайдиган 6-гидрометаллургия заводи томон ошиқамиз. Аҳоли яшаш пунктларидан ўтиб борарканмиз, кўзимиз оппоқ гулларга бурканган бодом дарахтларига тушади. Адирларда яшил ранг зоҳир бўлиб турибди. Демак, Қизилчада бошланган баҳор бу йил ўзгача, янада фусункорроқ. Боиси, олтин рангини олган замин тупроғи маъданга бой. Бу янгилик эмас, номига мос қадим бу манзилларда олтинтопарлар изи бор. Олдинлари пистаси билан машҳур бўлган довон бугун олтини билан мақтана олади.

Эсимда, ўтган йили 6 январь куни конда олтин маъдан таналарини очиш учун илк портлатиш ишлари бажарилган эди. Албатта, бугунги кунда ишлаб чиқариш жараёнларини замонавий техникаларсиз таъсаввур қилиш қийин. Айни вақтда кон мажмуасининг мустаҳкам моддий-техника базаси яратилган. Жумладан, унда 5 та “Epiroc” русумли замонавий бурғилаш ускунаси, 5 та “Liebherr”, “Hitachi” русумдаги экскаватор, 15 та 55 ва 90 тонна юк кўтариш қувватига эга “Komatsu” русумли автоағдаргич, 3 та маъдан юклагич ва бошқа турдаги кон техникалари мавжуд. Бугунги кунда “Пистали” конидан қазиб чиқарилган тоғ жинслари ҳажми 14 миллион кубометрдан ошди.

Ҳозир “Пистали” саноат майдонида қарийб минг нафарга яқин ишчи-хизматчи, муҳандис-техник ходим фаолият кўрсатяпти. Мажмуа таркибида 6-гидрометаллургия заводи, кон ускуналарини таъмирлаш цехи, автосарой, ишчилар шаҳарчаси ва бошқа объектлар қурилиб, фойдаланишга топширилди.
“Пистали” конида тоғ жинсларини қазиб олиш режаси муддатидан олдин бажариб келинаётгани эътирофга сазовордир. 2023 йилда 10,5 миллион кубометр тоғ жинси қазиб чиқарилиб, режага нисбатан 110,2 фоизга бажарилди. Шунингдек, ўтган йили учун бурғилаш ишлари режаси 126,2 фоизга бажарилиши таъминланди.
2024 йил учун тоғ жинсларни қазиб олиш режаси 14 миллион кубометр, бурғилаш ишлари режаси 933 минг пагонометр этиб белгиланган. Жорий йилнинг январь ойида қарийб 1,5 миллион кубометр тоғ жинслари қазиб олиниб, режа кўрсатгичлари 117 фоизга уддаланди.
Бундан ташқари, ташкил қилинган янги иш жойларига маҳаллий аҳоли, жумладан, Қизилча, Тинчлик ва Темирқовуқ маҳаллалари ҳудудида яшовчи ишсиз, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакиллари ишга таклиф қилинмоқда. Бу эса, ўз навбатида, ҳудуддаги ишсизликни камайтириб, аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

“Пистали” конида ишлаб чиқариш режаларининг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ҳамда ишлаб чиқаришда илғор замонавий техникаларни тадбиқ этишда кон бошлиғи Муҳиддин Рўзибоев раҳбарлигидаги жамоанинг уюшқоқликдаги фаолияти иш унумдорлигини таъминлаяпти.
Азамат Зарипов, журналист.
ЎзА