Янги кодекс муҳокамасига бағишланди
Нукусда Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Божхона кодекси мазмун-моҳиятини ўрганишга бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Нукусда Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Божхона кодекси мазмун-моҳиятини ўрганишга бағишланган семинар бўлиб ўтди.Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармаси мутахассислари, тегишли вазирликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, тадбиркорлик субъектлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда янги таҳрирдаги кодекснинг умумий қоидалари, ижтимоий-сиёсий ҳаётимиздаги аҳамияти, божхона назоратини амалга ошириш, тўловларни ундиришнинг янги тартиблари тўғрисида атрофлича сўз юритилди.
Маълумки, мамлакат иқтисодиётининг дунё бозори билан интеграциялашувида божхона назорати тизими муҳим аҳамият касб этади. Мазкур кодекс ахборот технологиялари асосида божхона назоратини бошқариш, тартиб-қоидаларни соддалаштириш, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари билан божхона органлари ўртасида ўзаро муносабатларнинг янги моделини яратишга хизмат қилади.
– Кодексда тартибга солувчи баъзи бир меъёрларни қисқартириш орқали божхона органлари фаолиятини янада такомиллаштириш назарда тутилган, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Х.Файзуллаев. – Унда ошкораликни таъминлаш, тадбиркорлик субъектларига қўшимча кафолатлар бериш, автотранспорт воситаларининг божхона ҳудудига кириб келиши ва чиқиб кетишида расмийлаштириладиган ҳужжатлар рўйхати тўлиқ кўрсатилган.
Янги таҳрирдаги Божхона кодекси мамлакатимизда ташқи иқтисодий фаолият самарадорлигини янада ошириш, ички бозорни сифатсиз ва контрабанда маҳсулотлардан ишончли ҳимоя қилиш, тадбиркорларнинг ўз маҳсулотини экспорт қилиши борасидаги имкониятларни янада кенгайтиради.