Янги китоб тақдимоти
Кўргулик
Ўзбек тилининг изоҳли луғатида кўргулик сўзи эрк-ихтиёрдан ташқари ҳолда киши ҳаётида юз берган кўнгилсиз воқеа, ҳодиса, ҳолат, шунингдек, пешонага ёзилган тақдир, қисмат каби маъноларда қўлланилиши ёзилган.
Биз яшаб турган олам турли сир-синоатларга тўла. Уни билиш, англаб етиш учун бир инсон умри камлик қилади. Лекин одамзод уни тушунишга интилаверади.
[gallery-21004]
Шоир Бобоқанд Мирзо ҳам бундан мосуво эмас. Унинг шеърларида ижодкор кўнгил кечинмаларининг ёрқин сувратлари, қувончу оғриқлари, умидлари акс этган. Шеърларининг мавзу кўлами, шаклий ва услубий ўзига хослиги китобхонни мулоҳазага чорлайди.
Бу ҳақда шоирнинг Навоий давлат университетида бўлиб ўтган “Кўргулик” китоби тақдимотида қайта-қайта тилга
олинди.
Сўз боши муаллифи – Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим ёзганидек, “Ижодкор сўзни авайлайди, қадрлайди. Бобоқанднинг “Сўз билан тирикман, Нафасим ҳам Сўз...”, деб ёзгани бежиз эмас.
Унинг шеър орқали энг аввало, ўзига, сўнгра дунёга, табиатга, одамларга берадиган саволлари кўп. Аксар ҳолатларда уларнинг жавоблари ҳам ўзи билан.
Усмон Носир бўлиб ёғаяпсанми –
Қамчиқ довонида ёғаётган қор?
ёки
Мен билан суратга тушасанми, ғам?
ёхуд
Бир ўчиб ёнишга қайси дил кўнар?
Шоир шеърларини ўқир экансиз, бевосита ҳар бир сатрнинг асирига айланасиз. У билан хаёллар оғушига ғарқ бўласиз. Тасаввурлар эса кўз олдингизда гавдаланаверади.
Дарвоқе, инсон зоти борки, Ватан ҳақида бир сўз айтишни истайди. Шоирлар эса уни сўз гавҳари билан безайди. Бобоқанднинг ҳар бир шеърида ватанни, унинг исини ҳис қиласиз.
У шундай ёзади:
Ватан нима ўзи?
Бир ҳовуч тупроқ...
Ватан нима ўзи?
Осуда осмон...
Ватан нима ўзи?
Минг йиллик чинор...
Ватан нима ўзи?
Кўзмунчоқ тумор
Ватан нима ўзи?
Истиқлол. Ҳурлик.
Азиз китобхон, яхшиси ўзингиз шоирнинг “Кўргулик” шеърий тўпламини ўқиб, баҳо беринг.
А.Бўриев, С. Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари