Янги китоб – Миллат бахтин сўрар миллат отаси
Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг "Миллат бахтин сўрар миллат отаси" номли китоби нашрдан чиқди.
Бугун Ватанимиз дунёга янгиланаётган Ўзбекистон сифатида ўзини намоён этмоқда. Дунё давлатлари, жаҳон халқи тинчлик ва барқарорлик, бирдамлик ва биродарлик, илму маърифат ва тараққиёт сари юз тутган юртимизнинг янги кўрку жамоли, умуммиллий ва умумбашарий максадлар йўлида заҳмат чекаётган танти халқимизнинг азму шижоатини алоҳида эътироф этмоқда.
Албатта, биз бу кунларга осонликча етиб келмадик. “Замон бўлди ўзбекларнинг замони” дейди шоир. Президентдан то муаллимгача – биз барчамиз шу Ватан такдирига бирдек дахлдорлигимизни, масъул ва қарздорлигимизни англадик.
Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг янги китоби айнан шу руҳ, шу мавзудаги шеърлар, манзума ва фахриялардан иборат. Боболар анъанасига меҳр ва садоқат руҳида битилган “Яхшилик эскирмагай” сарлавҳали “Қирқ ҳадис” – “Арбаъин” туркуми ҳам азиз ўқувчиларни бефарқ қолдирмайди.
Китобга Мирзо Кенжабек масъул муҳаррирлик қилган. Муҳаррир - Ғайрат Мажид. Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг ушбу китоби “Sahhof” нашриётида 2 минг 500 тиражда чоп этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизмати хабар бермоқда.
Н.Усмонова,
ЎзА