Янги китоб: “Ғозғон шаҳри: кеча ва бугун”
Ғозғон шаҳар ҳокимлиги ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими ҳамкорлигида “Ғозғон шаҳри: кеча ва бугун” китобининг тақдимоти ўтказилди. Унда ташкилот ва муассасалар масъуллари, кенг жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
– Ушбу китобда Янги Ўзбекистоннинг янги шаҳри – Ғозғон тарихи, қадамжолар, мазкур ҳудудда инсониятнинг илк аждодлари яшаганлиги нишоналари – петроглифлар, қадим суғд маданияти белгилари, бугунги кунга қадар сақланиб қолган осори-атиқалар ҳамда айни даврдаги ижтимоий иқтисодий ҳаёт, ғозғонликлар турмуш тарзини тубдан янгилаш борасида амалга оширилаётган жадал ислоҳотлар хусусида сўз боради, – деди шаҳар ҳокими Азим Бозоров. – Шунингдек, китобда ғозғонлик олимлар, таълим фидойилари, давлат мукофоти соҳиблари, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, тадбиркорлар, кўплаб касб эгалари хусусида маълумотлар берилган. Китоб “Зарҳал тошларга битилган тарих солномаси”, “Ғозғон – Янги Ўзбекистоннинг янги шаҳрига айланмоқда”, “Ғозғоним – фахрим” каби қисмларга бўлинган. Китобда шаҳарнинг ўтмиши, кечаги куни ва бугунига оид расмлар, муҳим маълумотларнинг ўзбек, рус ва инглиз тилларида берилганлиги унинг аҳамиятини янада оширган.
Тадбир сўнгида “Ёш китобхон – 2022” танловининг 10-14 ёш тоифасида фаол иштирок этган Фарангиз Исломова ва спортнинг ушу санда тури бўйича республика чемпионати совриндори Мафтуна Набиева муносиб тақдирланди, иштирокчиларга янги китоб совға қилинди.
[gallery-6534]
Абдували Бўриев,
Сирож Аслонов (сурат), ЎзА