Янги Ижтимоий ҳимоя мажмуаси фуқароларнинг индивидуал имкониятларини оширади (+видео)
Президент ташрифидан сўнг...
Ижтимоий ҳимоя – мамлакат аҳолиси ижтимоий ва моддий муҳофаза қилинишини таъминлайдиган, жамиятда қарор топган ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий чора-тадбирлар мажмуи ҳисобланади.
Буларнинг ортида эса улуғвор мақсад, яъни аҳоли фаровонлигини таъминлаш ётади. Айни йўналишда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли лойиҳалар самараси ҳудудларда бўй кўрсатмоқда. Тошкент вилоятида илк маротаба ташкил этилган Ижтимоий ҳимоя мажмуаси аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига комплекс хизматларни бир жойда кўрсатиш имкониятига эга.
Президент Шавкат Мирзиёев 22 июль куни Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Нурафшон шаҳрида янги барпо этилган Ижтимоий ҳимоя мажмуасида бўлиб, у ерда яратилган шароитлар билан танишди. Маълумот ўрнида айтиш мумкин, мажмуа барпо этилиши ҳисобига бугунги кунда Нурафшон шаҳри ҳамда унга яқин бўлган Ўрта Чирчиқ, Пискент, Оққўрғон ва Бўка туманларида 10 мингга яқин фуқаро ижтимоий хизматлар билан қамраб олинади.
– Кучли ижтимоий сиёсат Ўзбекистон тараққиёт йўлининг етакчи тамойилларидан бири ҳисобланади, – дея фикр билдиради Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи Миразиз Нурсултонов. – Бунга Президентнинг 2023 йилда қабул қилинган “Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Ҳудудимизда янги барпо этилган Ижтимоий ҳимоя мажмуасида 5 та муассаса – Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Тошкент вилояти бошқармаси, Ҳудудий Ижтимоий инспекция, Нурафшон шаҳар “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази, тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси ҳамда ҳудудий ижтимоий хизматлар маркази жойлаштирилган.
Мажмуада 100 нафарга яқин ходим фаолият юритиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг жамиятга тўлақонли ва мустақил мослашишига кўмак берилади.
Шунингдек, Ҳудудий ижтимоий хизматлар марказларида фуқароларнинг индивидуал эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда нодавлат сектор имкониятларини кенг жалб этиш орқали 5 турдаги ижтимоий хизматлар кўрсатилиши йўлга қўйилган. Натижада кўп йиллар уйида ўтириб қолган ногиронлиги бўлган шахслар, ўзгалар парваришига муҳтож шахслар, ногиронлиги бўлган болалар жамиятга қўшилади.
Қуйида тўлиқ видео:
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/eO1zAnGBjJc?si=VOl086k81LZ27D-4" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Абдулазиз РУСТАМОВ,
Ёқубжон МЕЛИБОЕВ(видео),
ЎзА