Янги иш ўрни яратиш муҳим вазифа
Бухоро шаҳридаги С.Айний маҳалла фуқаролар йиғини энг кўп саноат корхоналари жойлашган ҳудуд ҳисобланади. 300 дан ортиқ саноат корхоналари фаолият олиб бораётган мазкур зонада 15 мингдан ортиқ иш ўрни яратилган.
Тадбиркор Очилов Ҳожимурод раҳбарлигидаги “Delux Fabric” корхонаси ҳам айнан шу ҳудудда жойлашган.
Корхона кўйлакбоп мато, сатин, олий сифатли матолар ва дастрўмолча ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Дастлаб 10 нафар ишчи билан фаолият бошлаган корхонада айни кунда 300 дан ортиқ ишчи ходим меҳнат қилмоқда. Сўнгги беш йилликда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга ҳукуматимиз томонидан берилган қатор имтиёзлар самараси сифатида корхонага ажратилган инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 2 миллион АҚШ долларга тенг лойиҳа амалга оширилди. Корхона Европа талабларига мос маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Замонавий тўқув дастгоҳлари асосида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг 90 фоизи Польша, Бельгия, Украина, Германия каби мамлакатларга экспорт қилинмоқда. Экспорт ҳажми йилига 1,5 миллион АҚШ долларни ташкил этади.

2020 йилда экспортчи корхоналарга берилган маҳсулот ишлаб чиқариш ва хом ашё билан таъминлашда асосий омил бўлган айланма маблағ учун имтиёзли кредит маблағларининг ажратилиши корхона экспорт фаолиятида самарали роль ўйнади. Таъкидлаш жоизки корхона 2020 йилда экспорт прогноз кўрсатгичларини 212 фоизга бажарди.
Республикамизда хом ашё базасини кенгайтириш ва уни қайта ишлашни чуқурлаштириш, юқори қўшилган қийматли рақобатбардош тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, иқтисодиёт тармоқларига тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва юқори технологияларни кенг жалб қилиш, инвестиция лойиҳаларининг ижтимоий-иқтисодий самарадорлигини таъминлаш, шу асосда юқори даромадли иш ўринларини яратиш ҳамда ҳудудларни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида аниқ вазифалар белгиланган.
Президентимизнинг 2020 йил 28 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2021-2023 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори соҳани янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этаётир. Мазкур ҳужжат ижроси доирасида Бухоро шаҳрида 7 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган. Бу борада 37,2 миллион долларга тенг тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ўзлаштирилиши белгиланган.
Зариф Комилов, ЎзА