Янги иш ўрни яратиш энг муҳим вазифа
Бухоро вилояти Жондор туманида Россия Федерациясининг "Экзим Агро Логистик" замонавий иссиқхонасини барпо этиш мақсадида 4,8 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя жалб қилинган. Лойиҳанинг биринчи босқичида 3 гектарни ташкил этган объектда қурилиш ва ташкилий ишлар 68 фоизга бажарилган. Хориждан зарур илғор технология киритилган.
Яна бир худди шундай лойиҳа Афғонистон Республикаси сармоядорлари билан ҳамкорликда ташкил этилаётган "Аria Аgro Invest Cоmpani” қўшма корхонасидир. Бунда буғдойни қайта ишлаш тегирмони ва қўшимча лойиҳада кир ювиш кукуни ишлаб чиқариш бўйича умумий қиймати 2 миллион АҚШ долларга тенг битим имзоланган. Муҳими, юқоридаги ҳар икки лойиҳани амалга оширилиши натижасида юздан ортиқ маҳаллий ёшлар иш билан таъминланади.
Туманда жорий йил январь – июль ойларида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 368,1 миллиард сўмни, ўсиш суръати 107 фоизни ташкил этган. Ҳудудий саноат маҳсулотлари ишлаб чикариш ҳажми 233 миллиард, қурилиш-пудрат ишлари ҳажми 240,3 миллиард, чакана савдо айланмаси ҳажми 305 миллиард, хизматлар ҳажми 305,4 миллиард сўмни ташкил қилган.
Аҳоли жон бошига ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 1 миллиард 314 миллион сўмни, қурилиш-пудрат ишлари ҳажми 1 миллиард 357 миллион сўмни, чакана савдо айланмаси ҳажми 1 миллиард 726 миллион сўмни ташкил этган. Йил якунига қадар тумандан 7,8 миллион АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорт қилиш кўзда тутилган. Бу асосан қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат ҳамда енгил саноат тўқимачилиги маҳсулотларидир. Бу жараёнда яхлит саноат маҳсулотлари экспорти 5,8 миллион АҚШ долларни ташкил этади. Эътиборли жиҳати, шу йил ўтган даврида мўлжалланган экспорт режа–кўрсаткичи 3,8 миллион АҚШ долларига, яъни 87 фоизга уддаланганини кўриш мумкин. Экспортга йўналтириладиган қишлоқ хўжалиги — сабзавот-полиз маҳсулотлари асосан куз ойларида пишиб етилишини инобатга олсак, йил якунига қадар жами 7,8 миллион АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспортга чиқарилиши кўзда тутилган.

Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳаларга тўхталсак, жорий йилдаги режа 13 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, биринчи ярим йилликда 8,9 миллион АҚШ долларига тенг қийматдаги маблағ ўзлаштирилган. Туманда амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида кичик бизнес субъекти сони 2 минг 443 тага етказилган бўлса, мазкур тадбиркорлик субъектларининг 1 минг 9 таси ёки қарийб ярми сўнгги уч йилда ташкил топган ва айни кунда ўнлаб, юзлаб оилалар моддий манфаатдорлигига хизмат қилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даврида эса ҳудудда бизнес фаолиятини бошлаган тадбиркорлик субъекти 261 тани ташкил этди. Йил якунига қадар яна 221 та янги тадбиркорлик субъектини ташкил этиш ва жами 500 дан ортиқ иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Зариф Комилов, ЎзА