Бухоро вилояти Олот туманида саноат соҳасини ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш ва экспорт салоҳиятини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, тумандаги саноат йўналишида амалга оширилаётган йирик лойиҳалардан бири “Халифа” кичик саноат зонасидир.
Айни кунларда саноат зонасида “Олот Асака Текстиль” МЧЖ томонидан барпо этилаётган, қиймати 14 миллион АҚШ долларига тенг йирик тўқимачилик лойиҳасининг ускуналарини ишга тушириш, мавжуд муаммолар ўрганилиб, уларни ҳал этиш юзасидан вазифалар белгиланмоқда.

Лойиҳанинг қиймати 14 миллион АҚШ доллари, шундан 10 миллион доллари банк кредити(“Асакабанк” вилоят филиали), 4 миллион доллари асосчининг маблағи ҳисобидан амалга оширилади.
Қуввати 1-босқичда 2 минг 750 тонна хом газлама, 2-босқичда 2 минг 350 тонна аралаш толали ип-калава ишлаб чиқарилади. Ускуналар Хитой Халқ Республикасидан келтирилган 100 та илғор технологияли дастгоҳлар. Корхонада 480 та янги иш ўринлари ташкил этилади.

Корхона фойдаланишга топширилгач, йиллик экспорт ҳажми 2 миллион АҚШ долларига етказилиши режалаштирилган. Умуман, лойиҳанинг иқтисодиётга қўшадиган умумий моддий улуши 494 миллион АҚШ долларига баҳоланмоқда.
Саноат ривожи бу нафақат иқтисодий кўрсаткичларнинг ошиши, балки аҳоли учун янги иш ўринлари, барқарор даромад, экспорт имкониятлари ва маҳаллий хомашёнинг чуқур қайта ишланишидир. Бош мақсад одамлар турмуш даражасини оширишдан иборат.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.