Янги инновацион лойиҳалар ҳудудларни ривожлантиради
Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида янги “Рақамли инновациялар водийси” лойиҳасини амалга ошириш бўйича муҳим музокаралар ўтказилди.
Шу муносабат билан шаҳар ҳоким Илҳом Қиличханов Осиё тараққиёт банки вакиллари билан учрашиб, 2027-2030 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган йирик “Digital innovation valley” лойиҳасини муҳокама қилди. Мулоқотда Рақамли технологиялар вазирлиги Тошкент вилояти бўлинмаси бошлиғи Х. Йўлдошев ҳам қатнашди.

Мазкур лойиҳа умумий 35 гектар ҳудудни қамраб олади. Унда IТ Park, инновациялар маркази, илмий-тадқиқот институтлари, замонавий лабораториялар, конференция заллари, таълим бинолари ҳамда турар жой инфратузилмаси барпо этилиши режалаштирилган. Шунингдек, лойиҳа доирасида қиймати 200 миллион АҚШ доллари бўлган сунъий интеллект ва рақамли технологиялар бўйича миллий марказ ташкил этилиши режалаштирилган.

Муҳими, ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида 500 та илмий ва инновацион лойиҳалар амалга оширилади. Шу билан бирга, 160 та технологик прототиплар яратилади, 100 та турли стартаплар шакллантирилади. Соҳага оид 10 миллион доллар хусусий инвестициялар жалб қилинади ва 40 та технологик ечим тижоратлаштирилади. 10 та стартап халқаро бозорларга чиқади.

Учрашувда томонлар лойиҳани дастлабки ташкилий жараёнлари, жой танлаш ва зарурий коммуникациялар билан таъминланиши, шунингдек, лойиҳани босқичма-босқич амалга ошириш борасидаги таклифларни кўриб чиқди. Ҳудудда замонавий инновацион экотизим яратиш ва янги иш ўринларини ташкил этиш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

Маълумки, Президентимиз 8 апрель куни Тошкент вилоятида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги ҳамда келгусидаги устувор вазифалар юзасидан ўтказган йиғилишда ҳам мазкур йўналишдаги ташаббус ва амалга оширилаётган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаган эди.
А.Мусаев,ЎзА.