Янги ҳаёт туманида янги поликлиника
Пойтахтимизнинг Янги ҳаёт туманида янги — 65-сонли оилавий поликлиника фойдаланишга топширилди.
2020-2021 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурига киритилган мазкур оилавий поликлиника тумандаги “Чоштепа”, “Янги Чоштепа”, “Янги Дархон”, “Янги умид”, “Янгиҳаёт” ва “Ташаббус” маҳалла фуқаролар йиғинларининг 33 мингдан ортиқ аҳолисига бирламчи тиббий ёрдам кўрсатишга мўлжалланган.
— Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги арафасида туманимизда янги оилавий поликлиниканинг ишга туширилгани ҳудуд аҳолисига катта совға бўлиб, фуқароларни жуда қувонтирди, аҳоли учун тиббий хизматлардан фойдаланишда қулайлик яратилди, — дейди 65-сонли оилавий поликлиника бош шифокори Муборак Асророва. — Поликлиникамиз 250 ўринга мўлжалланган бўлиб, зарур асбоб-ускуна, тиббий жиҳозлар ва компьютерлар билан таъминланган. Тор доирадаги мутахассислар, оилавий шифокорлар ҳамда ҳамширалар аҳолига хизмат кўрсатишни бошлади. Муассасамиздаги ходимларнинг 80 фоизи Янги ҳаёт тумани аҳолиси ҳисобланади. Фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида шифокор қабулига кириш учун электрон навбатдан ўтиш жорий қилинган. Шунингдек, бу ерда кундузги ётоқхоналарда даволаниш имконияти ҳам мавжуд.
Дарҳақиқат, Янги ҳаёт туманидаги бу янгилик аҳоли вакилларига катта қулайлик яратди. Оилавий поликлиникада мобиль илова хизмати ҳам йўлга қўйилган. У орқали шифокор қабулига онлайн рўйхатдан ўтиш, бемор, шифокор ва дорихона ўртасида маълумот алмашиш, ташрифларни қабул қилишни қайд этиш, электрон рецептларни шакллантириш, ташхис ва муолажаларни тайинлаш хизматларини электрон тарзда амалга ошириш мумкин.
Муҳтарама Комилова, ЎзА