Янги ҳамкорлик уфқлари
Бугун дунёда ишонч ва ўзаро манфаатга асосланган ҳамкорлик давлатлар тараққиётининг муҳим омилига айланмоқда. Айниқса, иқтисодий салоҳият, инвестиция, замонавий технология, таълим ва туризм каби соҳаларда халқаро шерикликни кенгайтириш ҳар бир мамлакат учун янги имкониятлар эшигини очади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги муносабатлар ана шундай ўзаро ишонч ва манфаатдорлик тамойиллари асосида изчил ривожланиб, стратегик шерикликнинг янги мазмун ва амалий йўналишлари билан бойиб бормоқда.
Бу жараёнда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсат тамойиллари, хорижий давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган ташаббуслари муҳим аҳамият касб этмоқда. Давлат раҳбари томонидан илгари сурилаётган янги Ўзбекистонни жаҳон иқтисодиётига янада чуқур интеграция қилиш, хорижий инвестициялар учун қулай муҳит яратиш ва мамлакат ҳудудларининг салоҳиятини халқаро ҳамкорлик орқали тўлиқ рўёбга чиқаришга қаратилган ёндашувлар Бухоро мисолида ҳам ўзининг амалий ифодасини топмоқда.
Ана шу яқин ва ўзаро манфаатли муносабатлар доирасида Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги элчиси ўринбосари Ҳезер Бернс билан учрашди.
Мулоқотда Ўзбекистон–АҚШ муносабатларини ҳудудлар даражасида янада ривожлантириш, мавжуд имкониятларни аниқ лойиҳаларга айлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бухоро вилоятининг инвестициявий салоҳияти, иқтисодий имкониятлари, сайёҳлик ресурслари, қишлоқ хўжалиги, таълим ва бошқа соҳаларда хорижий ҳамкорлар билан амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Зеро, Бухоро бугун нафақат минг йиллик тарих ва бетакрор меъморий обидалар шаҳри, балки замонавий инвестиция ва тадбиркорлик лойиҳалари учун ҳам катта имкониятларга эга ҳудуддир.
Вилоятда саноатни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, хизмат кўрсатиш соҳасини кенгайтириш, замонавий инфратузилмани шакллантириш борасида амалга оширилаётган ишлар хорижий инвесторлар учун янги истиқболларни юзага келтирмоқда.

Шу маънода, Америка компаниялари ва инвесторларининг Бухоро бозорига кириб келиши нафақат янги сармоя, балки замонавий технология, бошқарув тажрибаси ва янги иш ўринларини ҳам англатади.
Учрашувда туризм соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Бухоронинг жаҳон цивилизацияси тарихида тутган ўрни, Ипак йўлининг муҳим марказларидан бири сифатидаги нуфузи, асрлар давомида шаклланган бой маданий мероси америкалик сайёҳлар учун ҳам катта қизиқиш уйғотиши табиий. Шу боис АҚШдан Бухорога келувчи сайёҳлар оқимини кўпайтириш, вилоятнинг туристик брендини халқаро майдонда янада кенг тарғиб қилиш, замонавий туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва янги сайёҳлик маҳсулотларини яратиш масалалари муҳим аҳамият касб этади.
Бугун сайёҳ фақат тарихий обидани кўришни эмас, балки унинг тарихи ва руҳини ҳис қилишни, маҳаллий маданият билан яқиндан танишишни истайди. Бухорода эса бунинг учун имкониятлар беқиёс. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон–АҚШ ҳамкорлиги доирасида туризм йўналишининг янада кучайтирилиши Бухоронинг халқаро сайёҳлик харитасидаги мавқеини янада мустаҳкамлаши мумкин.
Мулоқотда Америка компаниялари ва инвесторлари иштирокида янги лойиҳаларни амалга ошириш, савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, таълим ва маданият соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди. Айниқса, таълим соҳасидаги ҳамкорлик замонавий билим ва технологияларни ёш авлодга етказиш, хорижий тажрибани маҳаллий таълим тизимига жорий этиш, янги авлод мутахассисларини тайёрлаш нуқтаи назаридан катта аҳамиятга эга.
Бугун Бухорода амалга оширилаётган ҳар бир халқаро ҳамкорлик лойиҳаси бир вақтнинг ўзида бир нечта вазифани ҳал этишга хизмат қилмоқда: инвестиция жалб этилади, янги иш ўринлари яратилади, замонавий технологиялар кириб келади, маҳаллий мутахассисларнинг тажрибаси ошади ва энг муҳими — ҳудуднинг рақобатбардошлиги юксалади.

Бу эса Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган “Янги Ўзбекистон”ни иқтисодий жиҳатдан кучли, очиқ ва рақобатбардош давлатга айлантириш мақсадининг ҳудудлардаги амалий кўринишларидан биридир.
Учрашув якунида мавжуд имконият ва салоҳиятдан самарали фойдаланган ҳолда Ўзбекистон – АҚШ муносабатларининг ҳудудий даражадаги амалий мазмунини янада бойитиш, янги истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди. Аслида, бу мулоқот оддий дипломатик учрашувдан кўра кенгроқ мазмунга эга. Чунки бугун Бухоро ўзининг тарихий мероси билан дунё эътиборини жалб этаётган бўлса, эртанги Бухоро инновация, инвестиция, замонавий технология ва халқаро ҳамкорлик марказларидан бири сифатида ҳам ўз ўрнини мустаҳкамлаши мумкин.
Бир томонда — асрлар силсиласидан омон ўтиб келган буюк тарих. Иккинчи томонда — янги иқтисодий имкониятлар ва замонавий тараққиёт сари очилаётган кенг йўл. Энг муҳими, бу икки омил бир нуқтада — Бухоронинг янги тараққиёт манзилида уйғунлашмоқда.
Бугунги мулоқот эса ана шу йўлда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, Бухоронинг улкан салоҳиятини халқаро майдонга олиб чиқиш ва уни янги инвестициявий ҳамда сайёҳлик имкониятлари билан бойитиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири