Янги форматдаги ʼʼЗаковатʼʼ ўйинининг республика босқичи ғолиблари аниқланди
Халқ таълими вазирлиги томонидан пойтахтимизда мактаб ўқувчилари ўртасида янги форматдаги ʼʼЗаковатʼʼ ўйинининг республика босқичи ўтказилди.
Халқ таълими вазирлиги томонидан пойтахтимизда мактаб ўқувчилари ўртасида янги форматдаги ʼʼЗаковатʼʼ ўйинининг республика босқичи ўтказилди.
Унда 6 нафардан аъзоси бўлган 14 жамоа иштирок этди. Зукко ва билимдон болалар белгиланган вақт мобайнида ўзларига берилган саволларга жавоб берди.
– Мактабларда “Заковат“ ўйинлари ўтказиб турилиши, тўгараклар фаолиятининг йўлга қўйилиши ўқувчиларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини янада оширади, илм олишга иштиёқини рағбатлантиради. Бу йўлда биз уларга бажонидил ёрдам беришга тайёрмиз. Бугун илк маротаба ўтказилган турнирда ёшлар қиёфасида бўлажак заковатчиларни кўрдим, – деди “Заковат“ интеллектуал телеўйини асосчиси Абдурасул Абдуллаев.
Саволларга тўғри ва аниқ жавоб берган билимдон ўқувчилар босқичларда сараланди. Турнирда Самарқанд, Сирдарё ва Қашқадарё вилоятлари жамоалари ғолиб, деб топилиб Халқ таълими вазирлигининг эсдалик совға ва дипломлари билан тақдирланди.
