Янги депутатларнинг таркиби, ёши, мутахассислиги қандай? (+видео)
Бугун Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлисида Сайлов кодексига мувофиқ, парламент сайлови якунлари кўриб чиқилди. Қонунчилик палатасига сайланган жами 150 нафар депутат рўйхатга олинди.
Марказий сайлов комиссияси аъзоси Мухтабар Ҳусанова оммавий ахборот воситалари вакилларига берган интервьюсида депутатларнинг сифат таркиби хусусида маълумот берди:
— Қонунчилик палатасига янгидан сайланган депутатларнинг сифат таркибига тўхталсак, уларнинг 2 нафари – 30 ёшгача, 38,6 фоизи – 30 ёшдан 45 ёшгача, 46,6 фоизи – 45 ёшдан 60 ёшгача, 13,3 фоизи – 60 ёшдан катталарни ташкил этади. Сайланган депутатларнинг 38 фоизини хотин-қизлар ташкил этаётгани мамлакатимиз парламенти тарихида энг юқори кўрсаткичдир.
Мамлакатимизда яшаётган бошқа миллат вакиллари сайланган депутатларнинг 12,7 фоизини ташкил қилади. Шу жумладан, улардан 5 нафари рус, 3 нафардан қозоқ ва тожик, 2 нафари корейс, 1 нафардан туркман ва қирғиз миллатига мансуб.
Депутатларнинг барчаси олий маълумотли бўлиб, уларнинг 30 фоизи – иқтисодчилар, 22 фоизи – ҳуқуқшунослар, 18,7 фоизи – педагоглар, 12 фоизи – муҳандислар, 9,3 фоизи – тиббиёт соҳаси вакиллари, 8 фоизи эса маданият соҳаси вакиллари, тадбиркор ва фермерлардан иборат.
Депутатларнинг 35 фоизи илмий даражага эга ҳисобланади. Илк бор 3 нафар ногиронлиги бор шахслар депутат этиб сайлангани бу тоифа фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини парламентда янада кучли ҳимоя қилиш имкониятини кенгайтиради, — деди М.Ҳусанова.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/f0bU9AWFr4k" title="Yangi deputatlarning tarkibi, yoshi, mutaxassisligi qanday?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳтарама Комилова, Ёқуб Мелибоев (видео), ЎзА