Янги Данғара қад ростламоқда(видео)
Данғара водий дарвозаси. Довондан тушасиз-у хушфеъл, тадбиркор, меҳмондўст данғараликларга рўбарў келасиз.
Сўнгги йилларда туман иқтисодиётида катта ўсиш рўй берди. Бу ерда тўқимачилик корхоналари, тикувчилик фабрикалари, хизмат кўрсатиш мажмуалари кетма-кет очилди. Туман маркази эса гўё қайта қурилмоқда.

Муҳташам уй-жойлар пойтахт ёки вилоят марказида эмас, Данғара туманида қуриляпти. Замонавий лойиҳа, замонавий дизайн, замонавий қурилиш материаллари. Янги Ўзбекистоннинг янги оилаларига муносиб яшаш маскани.
– Биз Увайсий маҳалласида қураётган уй-жой мажмуаси 392 та хонадондан иборат. Лойиҳага кўра, барча хонадон фарзандлари учун болалар ўйингоҳлари ҳамда етарли даражада автомобиль тураргоҳлари ҳам қурилмоқда, – дейди “VODIY STAR HAUSE” МЧЖ иш юритувчиси Дилшод Жўраев. –Нолинчи қаватда эса мажмуада яшайдиган аёллар, ёшлар учун ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналари қурилиб, иш ўринлари яратилади.

Ҳа, сиз тўғри эшитдингиз, мажмуа 392 та хонадондан иборат бўлади. Аввало газ, сув, оқова каби инфратузилмаларнинг янги тармоқлари тортилди.
– Тураржойда лифтлар ўрнатилган бўлиб, у электрдан узилиб қолган тақдирда ҳам ишлашни давом эттираверади. Чунки лифтлар қуёш панелларига улангандир. Яна бир қулайлик шундан иборатки, мажмуа хонадонларига сантехника, электр жиҳозлари хизмати кўрсатиш корхонаси очилади ва унда аҳоли буюртмаси туну кун бажарилиши йўлга қўйилади, – дейди Дилшод Жўраев.
“VODIY STAR HAUSE” масъулияти чекланган жамият қурилиш ишларини келаси йил якунлаши режалаштирилган.

Аслида Данғарада рўй бераётган ўзгаришлар давлат раҳбарининг ташаббуси ва топшириқлари туфайлидир. Мана бу ҳам Данғара, аниқроғи, эски Данғара. Ўтган асрнинг ўрталарида қурилган бинолар яроқлилик муддатини ўтаб бўлган. Мана энди уларни бирма-бир бузиб ўрнида замонавий қулайликларга эга уйлар бунёд этиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Улардан биринчи мажмуасини “GEFEST EAGLE” масъулияти чекланган жамияти қуряпти.

– Икки қаватли уйлар ўрнида реновация дастури асосида 7-9 қаватли уйлар қуряпмиз. Уларда барча қулайлик мавжуд бўлади, – дейди “GEFEST EAGLE” МЧЖ иш юритувчиси Саидкамол Валиев. – Болалар майдончалари, газ, сув, электр таъминоти барқарорлиги таъминланган. Бу бинода 56 та хонадон бўлиб, улардан 7 тасини қурамиз. Жами 392 та оила янги уйли бўлади.
Ҳа, шу реновация дастурининг биринчи лойиҳасидаёқ Данғара туманида яна 392 та уй янгидан бунёд бўлади. Бу ҳали ҳаммаси эмас.
Водий дарвозасида янги Данғара қад ростлаяпти.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/Pvy5evGXu8k?si=WRQx48cCDa4_902b" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов,Элёр Олимов(видео,сурат),
ЎзА мухбирлари