Янги бинолар, янги шароитлар, янги имкониятлар
Фарғона вилоятининг жануби ғарбида жойлашган Ўзбекистон тумани қўшни Қирғизистон Республикаси билан чегарадош. Мазкур ҳудудда давлатимиз чегараларини қўриқлашни амалга ошириб келаётган сарҳадларимиз посбонларининг замон билан ҳамнафас яшашлари ва хизмат олиб боришлари учун “Туманботир” маҳалла фуқаролар йиғинидаги тоғ ости адирликларида янги чегарани қўриқлаш взводи барпо этилди.
Денгиз сатҳидан 850 метр баландликда, ер майдони бир ярим гектарга яқин ҳудудда бунёд этилган кўркам ҳарбий шаҳарчада ватан сарҳадларини қўриқлашни ҳаётининг мазмунига айлантирган ҳарбий хизматчилар учун барча қулайликлар яратилган.


Хусусан, взводда чегарани қўриқлов тизимига жорий этилган замонавий ахборот коммуникацион технологиялари сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш ва жанговар-хизмат фаолиятини самарали ташкил этишда муҳим омиллардан бири бўлиб хизмат қилмоқда.
Юрт ҳимоячиларининг жанговар руҳини янада ошириш мақсадида взводнинг ташқи кўриниши буюк саркардаларнинг ҳарб иши хусусидаги ибратли сўзлари туширилган тарғибот воситалари билан жиҳозланган бўлса, маъмурий бинонинг кенг ёруғ йўлаклари бўйлаб соҳибқирон Амир Темур ва Жалолиддин Мангуберди ҳаёти ҳамда ҳарбий маҳоратидан ҳикоя қилувчи кўргазмали стендлар жой олган.


Ҳарбий хизматчиларнинг билим ва салоҳиятини янада ошириш борасида ташкил этилган ўқув синфларида маънавий-маърифий тайёргарлик жараёнини самарали олиб бориш учун барча шароитлар яратилган. 2000 га яқин миллий ва жаҳон адабиётининг босма ва электрон намуналарини ўзида жамланган кутубхона ҳам юрт ҳимоячиларининг маънавий оламини бойитишда катта аҳамиятга эга.
Пештоқларида миллий колорит ва умумий кўринишида замонавийлик ўзаро уйғунлашган шинам ошхона ҳам ҳарбий хизматчилар ихтиёрида. Маиший хизмат кўрсатиш хонаси ҳам амалда фойдаланиш учун барча зарурий анжомлар билан жиҳозланган.


Ҳарбий хизматчиларнинг жисмонан чиниқиши ва спорт билан шуғулланишлари учун бино ичкарисидаги спорт залда керакли жиҳозлар мавжуд, ташқарида барпо этилган спорт шаҳарчасида бокс, футбол, қўл жанги, волейбол, енгил атлетика, ММI каби спорт турлари билан шуғулланиш мумкин. Аҳамиятлиси, эндиликда взвод ҳудудидан 5 чақирим пастда жойлашган “Туманботир” маҳалласи ёшлари ҳам мазкур спорт шаҳарчасидан фойдаланиб, жисмонан чиниқишлари мумкин.
Чегарачиларнинг амалий тайёргарлик жараёнини ташкил этиш учун взвод ҳудудида амалий ўқ отиш майдончаси, изқуварлик майдони, муҳандислик шаҳарчаси ҳам барпо этилиб, зарур стендлар билан жиҳозланган.


Мажмуани фойдаланишга топшириш маросимида Давлат хавфсизлик хизмати раҳбарияти, ҳарбий маъмурий сектор раҳбарлари, нуронийлар, ҳарбийларнинг оила аъзолари ва меҳмонлар иштирок этди. Ушбу ҳарбий шаҳарча давлатимиз раҳбарининг соҳага қаратаётган алоҳида эътибори ва “Инсон қадри учун” деган ғоя асосида олиб бораётган халқчил сиёсатнинг амалдаги ифодаси экани таъкидланди.
Шундан сўнг ҳарбий шаҳарчада чегарачиларнинг муносиб турмуш шароитларини таъминлаш учун барпо этилган хизмат уйидаги 2 ва 3 хонали янги хонадонлар калитлари ўз соҳибларига топширилди. Рамзий боғичлар кесилгач, меҳмонлар баланд, ёруғ, шинам хонадонларни кўздан кечириб, бу ердаги шароитлар билан танишдилар. Хизмат уйлари ҳовлисидаги кўркам болалар майдончаси ҳам эндиликда кичкинтойларнинг шўх-шодон кулгуси билан тўладиган бўлди.


Қувонарли жиҳатларидан яна бири, ҳарбий шаҳарча ҳудудида юрт ҳимоячиларининг фарзандларини мактабгача таълим билан қамраб олиш мақсадида, мактабгача таълим ташкилотининг 20 ўринга мўлжалланган қисқа муддатли гуруҳи биноси ҳам қад ростлади. Кичкинтойлар учун зарурий барча жиҳозлар билан таъминланган ушбу масканда ҳарбий хизматчиларнинг тегишли маълумот ва малакага эга бўлган турмуш ўртоқлари учун иш ўринлари яратилди.
Хулоса ўрнида қайд этиш лозимки, сарҳадларимиз посбонлари эндиликда замон талаблари асосида барпо этилган мазкур ҳарбий шаҳарчада яратилган қулайликлардан унумли фойдаланиб, оиласидан кўнгли тўқ ҳолда давлат чегараларини янада масъулият билан, мустаҳкам қўриқлайдилар.
Фарида Бобожонова
ДХХ Чегара қўшинлари ходими,
Майор