Янги бино ота-оналар ва болажонларга қувонч бағишлади
Болалик — инсон ҳаётининг энг беғубор, шу билан бирга, энг масъулиятли даври. Чунки айнан шу даврда боланинг дунёқараши шаклланади, илк орзулари туғилади, билим олишга бўлган қизиқиши уйғонади. Шу боис юртимизда ҳар бир бола учун муносиб таълим-тарбия шароитини яратиш, уларнинг сифатли мактабгача таълим олишини таъминлашга устувор вазифа сифатида қаралмоқда.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Бухоро вилояти Шофиркон туманида ана шу эзгу мақсадларга хизмат қиладиган яна бир замонавий маскан фойдаланишга топширилди. “Тезгузар” маҳалласидаги 20-сон давлат мактабгача таълим ташкилоти филиалининг янги биноси маҳалла аҳли, айниқса, ота-оналар ва болажонларга катта қувонч бағишлади.
90 ўринга мўлжалланган янги филиал “FAST QUALITY BUILDING” МЧЖ томонидан реконструкция қилинди. Бинони таъмирлаш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда тарбияланувчилар учун зарур шароитларни яратиш мақсадида 3 миллиард 37 миллион 51 минг сўм маблағ йўналтирилди.
Реконструкциядан сўнг муассаса бутунлай янги қиёфа касб этди. Ёруғ ва шинам хоналар, замонавий шароитлар, таълим-тарбия жараёнини самарали ташкил этиш учун зарур имкониятлар — барчаси болаларнинг мазмунли ва бахтли болалигини таъминлашга қаратилган.

Айни пайтда филиалда 3 та гуруҳ — 2 та тайёрлов ва 1 та кичик гуруҳ фаолият юритмоқда. Болажонларга таълим ва тарбия бериш жараёнига 14 нафар малакали тарбиячи ҳамда мутахассис жалб этилган.
Бугун мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини тубдан ривожлантириш, унинг сифатини ошириш ва ҳар бир ҳудудда замонавий таълим инфратузилмасини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг инсон қадрини улуғлаш, фарзандлар таълими ва тарбияси учун муносиб шароит яратиш, айниқса, қишлоқ ва маҳаллаларда ижтимоий инфратузилмани яхшилашга қаратилган ташаббуслари бугун жойларда ана шундай амалий ишлар билан намоён бўлмоқда.
Янги филиалнинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан ташкил этилган тантанали тадбирда Ислом тараққиёт банки делегацияси вакиллари, маҳалла фаоллари, нуронийлар, тарбиячилар, ота-оналар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда сўз олганлар мамлакатимизда ёш авлод таълими ва тарбиясига қаратилаётган юксак эътибор, таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар аҳамиятини алоҳида таъкидлади.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида “Тезгузар” маҳалласида фойдаланишга топширилган ушбу замонавий маскан — инсон қадрини улуғлаш, болалар бахтини таъминлаш ва Янги Ўзбекистоннинг ёруғ келажагини бугундан бунёд этиш йўлидаги яна бир салмоқли қадамдир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири