Янги билим ва кўникмалар сари ташланган қадамлар
Ногиронлиги сабабли доимий парвариш ва ижтимоий кўмакка эҳтиёж сезадиган инсонлар учун ғамхўрлик ҳаёт сифатини яхшилаш, жамиятга мослашиш ва ўз имкониятларини намоён этишда муҳим аҳамият касб этади.
Тошкент вилояти ҳудудларида фаолият юритаётган “Янги кун” кундузги қатнов асосида қараб туриш хизматлари ҳам ана шу эзгу мақсадга хизмат қилмоқда. Мазкур масканларда ногиронлиги бўлган шахсларга кун давомида парвариш кўрсатиш билан бирга, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ва мустақил ҳаёт кўникмаларини шакллантиришга кўмаклашилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 21 майдаги тегишли қарори асосида руҳий ҳолати бузилган I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун ташкил этилаётган ушбу хизмат давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилмоқда.
Унинг асосий мақсади кундузги вақтда сифатли парваришни ташкил этиш, хизмат олувчиларнинг ижтимоий ҳаётга мослашувига кўмаклашиш, мавжуд имкониятларини ривожлантириш ҳамда реабилитация тадбирларини амалга оширишдан иборат. Хизматни йўлга қўйиш доирасида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Тошкент вилояти бошқармаси ҳамда тадбиркор ўртасида тегишли битим имзоланган. Айни пайтда ушбу ташаббус вилоятнинг Оққўрғон туманида ҳам амалиётга татбиқ этилган. Жумладан, “MUYASSAR ONA” МЧЖ томонидан ташкил этилган масканда 12 нафар ногиронлиги бўлган шахсга хизмат кўрсатилмоқда.

Бу ерда хизмат олувчилар учун кун давомида хавфсиз, қулай ва самимий муҳит яратилган бўлиб, уларнинг саломатлиги ва шахсий эҳтиёжларини инобатга олиш билан бир қаторда, психологик ҳамда жисмоний имкониятларини тиклаш ва ривожлантиришга қаратилган машғулотларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, хизмат доирасида мустақил ҳаёт кўникмаларини шакллантириш, мулоқот қобилиятини ривожлантириш, ижтимоий муҳитга мослашиш ва жамият ҳаётида фаол иштирок этишга кўмаклашиш кўзда тутилган.
Эътиборлиси, “Янги кун” хизматининг аҳамияти фақат парвариш ва реабилитация билан чекланмайди. Бундай масканлар ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятдан ажралиб қолмаслиги, тенгдошлари билан мулоқот қилиши, янги билим ва кўникмаларни ўзлаштириши, ўз имкониятларини намоён этиши учун ҳам муҳим ижтимоий муҳит вазифасини ўтайди.

Мазкур хизмат уларнинг оила аъзолари учун ҳам катта кўмакдир. Чунки яқинлари кундузги вақтда ишончли парвариш ташкил этилганини билган ҳолда ўз меҳнат фаолияти ва кундалик юмушларига вақт ажратиш имконига эга бўлади. Бу эса оилаларнинг ижтимоий юкини енгиллаштириш, уларни қўллаб-қувватлашда муҳим ўрин тутади.
Дарҳақиқат, “Янги кун” номи замирида ҳам чуқур маъно мужассам. Бу масканга келаётган ҳар бир инсон учун у янги мулоқот, янги билим ва кўникмалар, энг муҳими, ўз имкониятларини кашф этиш сари ташланган қадамдир.
А.Мусаев,ЎзА