
Ҳужжатсиз тарих, тарихсиз эса давлат ва жамият бўлмайди. Миллат ўз ўтмишини қандай асраса, келажак унга шундай мукофот беради. Бинобарин, мамлакатимизда келажак авлод учун бебаҳо меросни сақлаш, архив ишини такомиллаштириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Давлатобод туманида қурилаётган Янги Наманган шаҳарчаси ҳудудида бунёд этилган Наманган вилояти давлат архивининг замонавий биноси архив ишларини замонавий босқичга олиб чиқиш, тарихий ҳужжатларни сақлаш ва улардан фойдаланиш имкониятларни янада кенгайтиришда муҳим ўрин тутиши билан аҳамиятга молик воқеа бўлди.

Шу муносабат билан ўтказилган тантанали очилиш маросимида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги архив тизими мутасаддилари ва фаол ёшлари, соҳа фахрийлари, “Нуроний” жамғармаси фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ўзига хос билим ва тарих марказининг тақдимотида Наманган вилояти ҳокими, сенатор Шавкат Абдураззоқов, республика Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги директори Улуғбек Юсупов ушбу хайрли ташаббус тарихий меросни асраш ва келажак авлодларга етказиш борасидаги доимий эътиборининг амалий ифодаси эканлигини таъкидлади.


Янги бино сўнгги технологиялар асосида 19 миллиард 200 миллион сўм маблағ эвазига барпо этилиб, унда 600 мингдан ортиқ архив ҳужжатларини хавфсиз сақлаш учун барча зарур шароитлар яратилган. Бинода иқлим назорати тизими, ёнғинга қарши илғор воситалар, рақамлаштириш хоналари, замонавий кутубхона ва фойдаланувчилар учун қулай ўқув заллари мавжуд. Рақамлаштириш жараёни эса соҳада шаффоф ва қулай хизмат кўрсатиш имкониятини бермоқда.

Наманган вилояти давлат архивлари бугунги кунда бир миллион сақлов бирлигидан зиёд архив ҳужжатларни ўзида жамлаган бўлиб, улар нафақат вилоят, балки Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё тарихи, ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, сиёсий воқеалари ва маданий меросига оид муҳим маълумотларни ўз ичига олади. Мазкур ҳужжатлар 1917 йилдан бошлаб жамланган бўлиб, минтақанинг ўтмиши ҳақида тўлиқ ва ишончли манба ҳисобланади.

Янги архив биноси архившунослар учун “9 июнь – Халқаро архивлар куни” ҳамда “Архив иши тўғрисида”ги Қонун қабул қилинганининг 15 йиллигига ўзига хос байрам туҳфаси бўлди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.