Янги андижонликлар ҳашарда фаол қатнашмоқда
Юртимизда давом этаётган умумхалқ хайрия ҳашарида Янги Андижон шаҳрида яшаётган аҳоли вакиллари ҳам фаол иштирок этмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан барпо этилаётган умумий майдони 4 минг гектарни ташкил этадиган Янги Андижон шаҳрида ҳозирга қадар 2 мингдан ортиқ хонадонли 80 га яқин кўп қаватли уй, 1 минг 680 ўринга мўлжалланган умумтаълим мактаби, 420 ўринли мактабгача таълим ташкилоти, 250 қатновга мўлжалланган оилавий поликлиника, трикотаж корхонаси, ипотека маркази фойдаланишга топширилган. Умуман, мазкур ҳудуд кундан-кунга обод бўлиб бормоқда.
[gallery-16474]
Янги Андижон шаҳри ҳудудида 1 минг 942 гектар майдонда яшил ҳудудлар ташкил этилиши кўзда тутилган. Умумхалқ ҳашари доирасида белгиланган жойларга, қолаверса, кўп қаватли уйлар атрофларига мевали, манзарали ҳамда гул кўчатлари экилмоқда.
Ҳашар баҳорий кайфият, наврўз шукуҳи билан яшаётган янги андижонликлар ҳамжиҳатлиги ва уюшқоқлигини намоён этди. Аҳоли вакиллари томонидан кенг кўламли ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Катта қозонларда полов тайёрланиб, ҳашарчиларга тарқатилди.
– Аҳиллик, жипслик бор жойда барака, ободлик бўлади, – дейди ҳашар иштирокчиси Наргизахон Сотволдиева. – Халқимизнинг, юртдошларимизнинг мана шу жипслигига асло кўз тегмасин. Яқин йиллар ичида Президентимиз ташаббуси билан барпо этилаётган Янги Андижон шаҳри мамлакатимизнинг энг обод ва гўзал масканларидан бирига айланади.
Янги Андижон шаҳри ҳудудида ҳашар доирасидаги ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари давом этмоқда.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари