Янги Андижонда Наврўз шодиёналари
Президентимиз ташаббуси билан барпо этилаётган Янги Андижон шаҳрида “Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним!” деган бош ғоя асосида андижонликлар Наврўз байрамини катта шодиёна билан нишонлади.
Эрта тонгдан янграган карнай-сурнай садолари, Деҳқон бобо, Наврўзой ва миллий либосдаги жарчилар барчани Наврўзи олам билан муборакбод этиб, байрам шодиёналарига чорлади.
Янги Андижон ҳудудида вилоятнинг ҳар бир туман, шаҳар, бошқарма, корхона ва ташкилотлари, муассаса ва маҳаллалари томонидан ўзига хос майдон ва саҳналар тайёрланиб, байрамона, баҳорий тарзда безатилди.
[gallery-16537]
Кенг жамоатчилик вакиллари, меҳнат фахрийлари, юртимизнинг турли вилоятларидан келган меҳмонлар, хорижлик сайёҳлар иштирокида халқ сайли тарзида ўтган байрам шодиёналари барчага хуш кайфият улашди.
Байрам тадбирида Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этиб, андижонликлар, тадбир меҳмонларини халқимизнинг қадим ва навқирон байрами – Наврўзи олам билан муборакбод этди.
– Она Ватанни севиш ва ардоқлаш, ҳаёт гултожи бўлмиш инсонни қадрлаш, Ватанга муҳаббат ва садоқат каби эзгу ғояларни ўзида мужассам этган Наврўз халқимизнинг энг қадимий байрамидир, – деди вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов. – Асрлар давомида эл-юртимизнинг олижаноб орзу-интилишларини ифода этиб келаётган Наврўз мустақиллик йилларида янгича маъно-мазмунга эга бўлиб, том маънода умумхалқ байрамига айланди. Шунинг учун ҳам ушбу қутлуғ айёмни ҳар бир хонадон, ҳар бир оила улкан орзу-ниятлар билан кутиб олмоқда.
Баҳорий таомлар, миллий ва ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмалари, театр жамоалари, турли ансамбллар, дорбозлар, аскиячилар, спортчилар, жажжи болажонларнинг чиқишлари байрам тантаналарига ўзгача файз киритди.
Андижон адирликларидаги Наврўз байрами шодиёналари миллий қадриятларимиз акс этган ҳолда ўтказилганлиги байрамга ўзгача тароват ва шукуҳ бағишлади.
– Наврўз шодиёналарида миллий қадрият ва анъаналаримиз тараннум этилмоқда, – дейди Шаҳрихон туманидаги 53- ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби директори, Ўзбекистон Қаҳрамони Камолиддин Ғопиров. – Халқ ўйинлари, фольклор санъатининг энг яхши намуналари, шўх қўшиқ ва лапарлар баҳорни, Наврўзни соғинган дилларга хушнудлик бахш этди.
Наврўз байрами саҳнасида юртимиз санъаткорлари, машҳур эстрада хонандалари ижросидаги куй ва қўшиқлар барчага кўтаринкилик ва хуш кайфият улашди.
– Тобора юксалиб, обод бўлиб бораётган юртимизга фақат байрамлар ярашади, – дейди меҳнат фахрийси Тўлқинжон Сиддиқов. – Бугунги байрамда мен каби кўплаб фахрийлар иштирок этмоқда. Очиғи, байрамда қизиқчи ва санъаткорларнинг чиқишларидан мириқиб дам олдик. Тинч ва фаровон ҳаётимизга асло кўз тегмасин.
Наврўз сайли тадбирларида вилоятдаги мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари, умумтаълим мактаблари ўқувчилари томонидан намойиш этилган саҳна кўринишлари, ижро этилган шўх куй ва қўшиқлар тадбир меҳмонларини бефарқ қолдирмади.
Туман ва шаҳарлар маҳаллалари жамоаларининг миллий либослар ва баҳорий таомлар кўргазмалари, дошқозонларда тайёрланган сумалак, палов юртимиздаги тўкинлик, файзу бараканинг нишонаси бўлди. Маҳаллаларда ташкил этилган фольклор жамоалари, онахонлар томонидан ижро этилган ёр-ёр ва лапарларни меҳмонлар олқишлар билан кутиб олди.
Вилоят ташкилотлари, айниқса, вилоятдаги олий ўқув юртлари томонидан тайёрланган саҳна композициялари, ўзига хос чиқишлар барчада катта таассуротлар қолдирди.
–Мамлакатимиз машинасозлик тизими учун минглаб малакали мутахассислар тайёрлаётган жамоамиз бу йилги янгиланинш, яшариш айёми – Наврўзни ўзгача шукуҳ, кўтаринкилик билан нишонлади, – дейди Андижон машинасозлик институти ректори, профессор Умиджон Турдиалиев. – Айниқса, Янги Андижонда ўтказилаётган байрам шодиёнаси қалбларимизга унутилмас таассуротларни муҳрламоқда. Ишонаманки, ана шу кўтаринкилик, байрам шукуҳи нафақат бизни, балки бутун андижонликларни йил давомида тарк этмайди.
Байрам шодиёналарида вилоятда яшаётган турли миллат вакиллари ҳам иштирок этиб, ўзларининг урф-одат ва анъаналарини намойиш этди.
– Менинг миллатим қирғиз бўлса-да, ўзимни Ўзбекистон фарзанди, деб биламан, ўзимни шу юртдан айро тасаввур қила олмайман, – дейди Ўзбекистон Қирғиз миллий-маданий маркази Андижон вилоят бўлими раҳбари Обиджон Носиров. – Бугунги Наврўз байрами тантаналарида иштирок этаётганимдан беҳад мамнунман. Юртдошларимиз, айниқса, ёшларимизнинг қувончини кўриб, кўнглимиз тоғдай кўтарилди. Энг муҳими, юртимиз тинчлиги, миллатлараро дўстлигимизга кўз тегмасин.
Туман, шаҳарлар вакиллари, бошқармалар, меҳнат жамоалари томонидан тайёрланган миллий таом – палов, сумалак байрам иштирокчилари ва меҳмонларга улашилди.
Умумхалқ сайли шаклида ўтган Наврўз шодиёналари андижонликлар руҳияти ва кайфиятини кўтариш билан бирга, уларнинг қалбида шукроналик, меҳр-оқибат, эзгулик, қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга муҳаббат, эртанги кунга ишонч туйғуларини янада мустаҳкамлади.
Наврўз байрами шодиёналари Андижоннинг барча туман ва шаҳарларида, маҳаллаларида юқори кўтаринкилик билан давом этмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари