“Янги агроном” лойиҳаси назариядан амалиётга етаклайди
Бугун қишлоқ хўжалигида замонавий технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш жараёнларини механизациялаш ва рақобатбардош мутахассислар тайёрлаш соҳанинг устувор вазифаларидан бирига айланмоқда. Бу жараёнда назарий билим билан бир қаторда, талабаларнинг бевосита ишлаб чиқариш жараёнларида иштирок этиши муҳим аҳамият касб этади.
Тошкент давлат аграр университетида “Янги агроном” дастури доирасида дуал таълимнинг амалий босқичи изчил давом этмоқда. Жумладан, Агромухандислик ва агротехнологиялар факультети талабалари Оққўрғон ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги “Global Textile” кластери ҳамда “Saidabror Sulton Sayyid” кўп тармоқли фермер хўжалигининг пахта далаларида амалий машғулотларда иштирок этмоқда.
Дуал таълимнинг мазкур босқичи талабаларга университетда олган назарий билимларини бевосита ишлаб чиқариш жараёни билан уйғунлаштириш имконини бермоқда. Ёшлар пахта етиштириш, парваришлаш ва ҳосилни йиғиб-териб олиш жараёнларида иштирок этиб, қишлоқ хўжалигида қўлланилаётган замонавий техника ва технологияларни амалда ўзлаштирмоқда.

Айниқса, пахта теримида замонавий қишлоқ хўжалиги техникаларидан фойдаланиш, пахта териш машиналарини бошқариш, механизациялашган жараёнларни ташкил этиш ва техникадан самарали фойдаланиш бўйича амалий кўникмаларни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бундай ёндашув талабаларнинг касбий тайёргарлигини мустаҳкамлаш баробарида, уларда ишлаб чиқариш жараёнини бевосита кузатиш, техника ва технологияларнинг имкониятларини баҳолаш ҳамда юзага келиши мумкин бўлган амалий вазифаларга мустақил ёндашиш кўникмасини шакллантиришга хизмат қилади.

Маълумки, замонавий аграр тармоқда мутахассисдан фақат назарий билим эмас, балки илғор агротехнологияларни амалда қўллай олиш, замонавий техникаларни бошқариш ва иш жараёнини самарали ташкил этиш қобилияти ҳам талаб этилади. Шу нуқтаи назардан, дуал таълим тизимида талабаларнинг фермер хўжаликлари ва кластерлардаги амалий фаолияти муҳим ўрин тутади.
“Янги агроном” дастури доирасидаги бундай машғулотлар ёш мутахассисларнинг назарий билимларини мустаҳкамлаш, ишлаб чиқариш муҳитига мослашиш ва замонавий агротехнологияларни пухта эгаллаши учун зарур тажриба мактабини яратмоқда.

Энг муҳими, талабалар ҳали таҳсил жараёнидаёқ аграр соҳадаги ҳақиқий иш жараёни билан танишиб, келгусидаги касбий фаолияти учун зарур бўлган амалий кўникмаларни шакллантирмоқда. Бу эса замонавий билим ва ишлаб чиқариш тажрибасига эга бўлган янги авлод аграр мутахассисларини тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.
А.Мусаев,ЎзА