Yandex Go фискал чекларни тақдим этмоқда
1 декабрдан бошлаб Yandex Go хизмати Ўзбекистоннинг солиқ резиденти бўлди. Энди ушбу илова амалдаги қонунчиликда кўзда тутилган ҳолларда чек тақдим этади. Йўловчилар йўл ҳақини банк карталари орқали тўлаганларида, бу фискал чекларни олишлари мумкин.
«Биз узоқ вақтдан буён Ўзбекистонда хизмат кўрсатишни маҳаллийлаштириш ва йўловчи ташишни фискаллаштириш масаласи устида ишлаяпмиз. Бу нафақат биз учун, балки йўловчи ташиш саноати учун ҳам муҳим қадамдир. Бошқалар ҳам бундан ўрнак оладилар, деган умиддамиз, биз фискализация масалалари бўйича тажриба алмашишга тайёрмиз. Шунингдек, давлат органлари билан мулоқотимизни давом эттираяпмиз ва бу соҳани биргаликда янада шаффоф қилиш ниятидамиз”, - дейди Yandex Go сервисининг МДҲ мамлакатлари бўйича раҳбари Кирилл Свинцов.
Октябрь ойининг бошларида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси Yandex Go хизматига солиқни рўйхатдан ўтказиш ва чекларни беришни бошлаш бўйича сўров юборган эди. Агар шартлар 1 декабрга қадар бажарилмаса, идора Ўзбекистонда бу хизматни блоклашини маълум қилган.
Роман БОНДАРЧУК тайёрлади, ЎзА