Яна бир оила қайта тикланди
Оила муқаддас даргоҳ. Оиланинг тинч, фарзандларнинг бахтли бўлишида эр-хотиннинг ўзаро бир-бирини қўллаган ҳолда муносабатда бўлиши муҳим роль ўйнайди. Бахтли оилалар туфайли бахтли жамият вужудга келади.
Фуқаро З.Кабулова оилавий келишмовчилик сабабли 2021 йилнинг феврал ойида икки нафар фарзанди билан эрининг уйидан чиқиб, ота-онасининг уйига кетади. Бу ҳолат З.Кабулованинг ҳаётида биринчи маротаба эмас эди. Натижада вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминоти учун алимент ундируви бўйича Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судига мурожаат қилади. Суд буйруғи ижросини таъминлаш учун Мажбурий ижро бюроси Бухоро тумани бўлими иш юритувига юборилади.
– Бир неча бор огоҳлантиришларга қарамасдан қарздор Ж.Закиров томонидан алимент пуллари ўз вақтида тўлиқ тўланмаганлиги сабабли, Жиноят ишлари бўйича Пешку тумани судининг 2021 йил 17 июндаги қарорига асосан унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди, – дейди Бюронинг Бухоро туман бўлими давлат ижрочиси А.Қандахоров. – Қарздор ўзига тегишли хулоса чиқармай вояга етмаган фарзандлари моддий таъминоти учун тўлаши керак бўлган алимент пулларини ўз вақтида тўламасдан келганлиги туфайли Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекснинг 122-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ҳаракатлари бошланди. Суриштирув жараёнида ундирувчи З.Кабулова ва қарздор Ж.Закировлар ўзаро ярашиб, келишганликлари сабабли Жиноят ишлари бўйича Бухоро тумани судининг 2022 йил 11 майдаги ажримига асосан Ж.Закиров жиноий жавобгарликдан озод қилинди.
Асосийси жамиятнинг ўзаги бўлган яна бир оила қайта тикланди. Болаларнинг ўз уйларида ота-оналари бағрида яшашларига эришилди.
Зариф Комилов, ЎзА