Яна бир эзгу ташаббус амалда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Муборак Қурбон ҳайити муносабати билан аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва меҳр-саховат тадбирларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги қарори асосида Қашқадарё вилоятида хайрли ишлар изчил давом этмоқда.
Нишон туманида яшовчи Муҳриддин Болтаев сўнгги олти ойдан буён буйрак етишмовчилиги хасталиги билан курашиб келмоқда. Узоқ давом этган дард ва мураккаб синовларга қарамай, у бугун янги ҳаёт сари умид билан қадам қўймоқда.

Қурбон ҳайити муносабати билан давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида жарроҳлик амалиётига муҳтож беморларга яратилаётган имкониятлар Муҳриддин Болтаев учун ҳам катта қувонч бўлди. У Қашқадарё вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун ётқизилди.

– Мен каби беморларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун чексиз миннатдорман. Яқин кунларда соғлом инсонлар сафида бўлишимга ишонаман, – дейди Муҳриддин Болтаев.

Унинг самимий миннатдорлик сўзлари мамлакатимизда инсон қадри ва саломатлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар амалда ўз самарасини бераётганининг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.

Маълумотларга кўра, Қашқадарё вилоятида Қурбон ҳайити муносабати билан 800 нафарга яқин оғир аҳволдаги беморлар ва болалар учун жарроҳлик амалиётларини ўтказиш режалаштирилган. Бу эса эҳтиёжманд инсонларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг саломатлигини тиклашга қаратилган эзгу ишлар кўлами кенгайиб бораётганини кўрсатади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири