Яна бир боғча ишга тушди
Бухоро вилояти Бухоро тумани “Работиқалмоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи аҳолининг талаб ва мурожаатларидан келиб чиққан ҳолда ўтган йили Бунёдкор қишлоғида истиқомат қилувчи ота-оналар фарзандлари учун замонавий андозада янги барпо қилинган 530 ўринли 46-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўз фаолиятини бошлаган эди.
Бугунга келиб эса шу қишлоқда яшовчиларнинг кўп йиллик яна бир орзуси – мактабгача таълим ташкилоти қуриб битказилгани кўпларни хурсанд қилмоқда. Вилоят прокуратураси ва туман ҳокимлигининг амалий ёрдами туфайли 43-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг филиали ташкил этилди.
Шу муносабат билан ташкиллаштирилган тадбирда вилоят прокурори Улуғбек Ҳамдамов, туман ҳокими Анваржон Очилов бошчилигидаги масъуллар, секторлар раҳбарлари, мактабгача ва мактаб таълими бўлими мутасаддилари, маҳалла фаоллари иштирок этди. Маросимда сўз олганлар замон талаблари даражасидаги шундай мактабгача таълим ташкилоти жажжи болаларнинг жисмоний ва ақлий ривожланишида кенг имкониятлар яратиб бериши, малакали кадрлар эса баркамол авлодни тарбиялашда ўз муносиб ҳиссасани қўшишига ишонч билдирди.
[gallery-17147]
–Маҳалламиз ҳуснига кўрк бағишлаётган 46-сонли умумтаълим мактаби айни кунда 130 нафар бунёдкорлик ўқувчини ўз бағрига олган бўлса, орзиқиб кутилган янги ва шинам боғча қишлоқ болаларининг севимли масканига айланмоқда, –дейди “Работиқалмоқ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Раҳим Жумаев. –Бунёдкорликларнинг мурожаати юзасидан вилоят ҳокимлиги томонидан ажратилган 500 миллион сўм маблағ ҳисобига 46-сонли мактабимизда 50 ўринли 43-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг филиали ташкил этилди. Бунинг учун хайрли ишга бош қўшган барчага самимий миннатдорлигимизни етказамиз.
Шундан сўнг, мактабгача таълим ташкилотининг рамзий алвон лентаси қирқилди. Меҳмонлар боғчада эртамиз эгалари учун яратилган шарт-шароит билан яқиндан танишди. Шинам бинода ётоқхона, ошхона, ўйин ва машғулотлар хоналари, санитария ва иссиқлик тизими тармоқлари шай қилингани, айниқса, ота-оналарни хурсанд қилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари