Яна Арманистон парламенти сайлови ҳақида
Арманистонда 7 июнь куни бўлиб ўтган парламент сайлови дастлабки натижаси эълон қилинди.
Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, варақаларнинг 94 фоизи қайта ишлангандан сўнг амалдаги Бош вазир Никол Пашинян раҳбарлик қилаётган “Фуқаровий шартнома” партияси 50,07 фоиз овоз билан етакчилик қилмоқда.
Россиялик арман тадбиркори Самвел Карапетян бошчилигидаги мухолиф “Кучли Арманистон” альянси эса 23,35 фоиз натижа қайд этган. Собиқ Президент Роберт Кочарян етакчилик қилаётган “Арманистон” гуруҳи эса 9,96 фоиз тўплади.
Тўртинчи ўринни тадбиркор Галик Царюкан раҳбарлигидаги “Фаровон Арманистон” партияси эгаллади. Мазкур сиёсий куч 3,99 фоиз овоз йиғди. Собиқ омбудсман Арман Татоян тузган “Бирлик қанотлари” партияси эса 2,28 фоиз қўлловга эга бўлди.
Қайд этилишича, сайловда жами 18 сиёсий куч иштирок этган. Мамлакат қонунчилигига кўра, партиялар учун ўтиш тўсиғи 4 фоиз, блоклар учун эса таркибига қараб 8 ёки 10 фоиз. Шунингдек, сайлов кодекси парламентда барқарор кўпчилик шакллантирилишини кафолатлайди. Агар ҳеч бир сиёсий куч ёки коалиция 54 фоизлик талабни таъминлай олмаса, иккинчи тур ўтказилади.
Д.Ҳакимов, ЎзА