
Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг бугун ўтказилган навбатдаги сессиясида “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонунга кўра, вилоятнинг бир қатор туман ва шаҳарларида истиқомат қилувчи 164 нафар фуқаронинг мулк ҳуқуқи қонуний тартибда эътироф этилди.
Жумладан, белгиланган тартиб асосида булунғурлик 35 нафар, нарпайлик 31 нафар, жомбойлик 28 нафар, каттақўрғонлик 22 нафар фуқаро ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ва уларда қурилган уй-жойларига нисбатан мулк ҳуқуқига эга бўлди.
Маълумотларга кўра, шу пайтгача Самарқанд вилоятида 156 та маҳаллада 35 минг 500 дан ортиқ кўчмас мулк объекти хатлов йўли билан техник инвентаризaциядан ўтказилиб, электрон хариталари яратилган. 15 мингга яқин объект ҳақидаги маълумотлар “E’TIROF” ахборот тизимига киритилиб, ваколатли ташкилотлар муҳокамасига юборилган. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан 74 нафар фуқаронинг уй-жой ва ер участкаларига бўлган эгалик ҳуқуқлари эътироф этилган эди. Энди бундай имкониятдан фойдаланганлар сони 238 нафарга етди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири