Яман ҳукумати истеъфога чиқди
Яман Президентлик раҳбарияти кенгаши Бош вазир Салим Солиҳ бин Брейкнинг истеъфосини қабул қилди ва ташқи ишлар вазири Шоя Муҳсин Аз-Зиндонийни янги Бош вазир этиб тайинлади, деб ёзган “Kazinform” агентлиги.
Бу қарор маҳаллий SABA ахборот агентлигида эълон қилинди.
Тегишли фармонга кўра, энди Вазирлар Маҳкамаси таркиби қайтадан тузилади. Ҳозирча амалдаги ҳукумат фаолиятини давом эттиради. Расмий баёнотда таъкидланганидек, сўнгги воқеалар айни сиёсий ўзгаришни тақозо этди.
Брейк Кенгаш раисининг молия-иқтисодиёт масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланди.
2022 йил ташкил этилган, халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган жамоавий бошқарув органи ҳисобланадиган Президентлик раҳбарияти кенгашига Рашод Муҳаммад Ал-Aлимий раҳбарлик қилиб келяпти. Мазкур тузилма назорати остидаги ҳукумат асосан мамлакат жанубида жойлашган бўлиб, “Aнсор Aллоҳ” ҳаракати назоратидан ташқаридаги ҳудудларни эгаллаган.
Аслида Яманни ким назорат қилади?
Кенгаш ва хусийлар фуқаролар урушидан буён бир-бирига қарши. Кенгаш халқаро миқёсда тан олинган ҳукуматни, хусийлар эса мамлакат шимолий ва марказий қисмини, жумладан пойтахт Саноани назорат қилади.
Мамлакатда йиллар давомида сиёсий ва маъмурий бўлиниш туфайли можаро давом этмоқда.
Янги Бош вазир тайинланиши сўнгги ҳафталарда қабул қилинган кадрлар билан боғлиқ кенг кўламли қарорлардан биридир.
ОAВ ёзишича, сўнгги ойларда Яманда мамлакатнинг жанубий ва шарқий минтақалари назорати борасидаги кескинлик кучайган. Бинобарин, низони ҳал қилишда иштирок этаётган минтақавий ва ташқи иштирокчилар ўртасидаги келишмовчиликлар ҳам чуқурлашмоқда.
Г.Сатторова, ЎзА