Яхши мутахассисга ҳамиша иш бор
Мамлакатимизда иқтисодиётнинг барча тармоқлари изчил ривожланаётгани билан ушбу соҳаларга ихтисослашган кадрларга бўлган талаб ҳам ортмоқда.
Мамлакатимизда иқтисодиётнинг барча тармоқлари изчил ривожланаётгани билан ушбу соҳаларга ихтисослашган кадрларга бўлган талаб ҳам ортмоқда.Юртимизда кадрлар тайёрлаш масаласига таълим сифати ва меҳнат бозорини чуқур ўрганиш асосида ёндашилаётгани катта самаралар бераётир. Хусусан, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришлар, уларнинг мутахассисларга бўлган талабидан келиб чиққан ҳолда йўлга қўйилган. Бундан мақсад таълим тизимини иқтисодиёт тармоқлари билан мутаносиб тарзда ривожлантириш, ёшларни аниқ касб-ҳунарга йўналтириш ҳамда битирувчиларни ўз касби бўйича ишга жойлаштиришдан иборатдир.
Бундай ёндашув натижасини Тошкент авиасозлик касб-ҳунар коллежи мисолида ҳам кўришимиз мумкин. 1998 йилда ташкил этилган мазкур коллежда менежер, бухгалтер, монтажчи-электрик, механик, чилангар, авиация техниги, модельер-конструктор каби мутахассислар тайёрланади.
Коллежда барча зарур шарт-шароит яратилган. Замонавий лаборатория, ишлаб чиқариш устахоналари, мультимедиа, компьютер ва лингофон хоналари ёшларнинг билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллашига хизмат қилаётир. Ахборот-ресурс маркази, кутубхона, спорт зали, ошхона ўқувчилар ихтиёрида.
– Коллежимизни битирган ёш мутахассисларга талаб жуда юқори, – дейди Тошкент авиасозлик касб-ҳунар коллежи директори Зокир Ғаниев. – Ўқувчиларимиз амалиёт ўташ чоғидаёқ доимий иш ўрнига эга бўлмоқда. 2015 йилда 480 нафардан зиёд ўқувчи коллежни битирди. Уларнинг 85 фоизи ўз соҳаси бўйича ишга жойлашди, қолганлари олий таълим муассасаларига ўқишга кирди.
Коллеж битирувчиларига “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси, “Тошкент механика заводи” акциядорлик жамияти каби йирик саноат корхоналари талабгор. Бугунги кунда юқори синф ўқувчилари шу ва шу каби ташкилотларда амалиёт ўтаб, меҳнат кўникмаларини оширмоқда. Коллеж, битирувчилар, ишлаб чиқариш корхоналари ва маҳаллий ҳокимликлар ўртасида имзоланаётган тўрт томонлама шартномалар асосида йигит-қизларнинг келгуси иш жойлари белгиланмоқда.
– Иш бошлаганимга бир йил бўлди, – дейди Тошкент халқаро аэропорти зал назоратчиси Нодира Улашова. – Авиасозлик коллежида олган билим ва кўникмаларим амалиётда қўл келмоқда. Ишим ўзимга жуда ёқади.
Ёшларни иш билан таъминлаш, ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида яратилаётган бундай кенг имкониятлардан самарали фойдаланаётган Нодира сингари йигит-қизлар сафи тобора кенгаймоқда. Мамлакатимизда таълим олиш, касб-ҳунар эгаллаш ва ишга жойлашиш учун яратилаётган имкониятлар ёшларнинг жамиятда ўз ўрнини топишида муҳим омил бўлмоқда.