Яхши инсонлар ҳар он эсланади
Устоз дуоси
Устоз дуоси
Хотира уйғонса гўзалдир. Зеро, яхши инсонлар эсланганда юрак покланади, хаёлингизга у билан боғлиқ илиқ хотиралар келади. “Устоз дуоси” рукнида шоир Отаёр (Отаёр Наҳанов) билан боғлиқ лавҳаларни унинг дўстлари ва шогирдларининг ёрқин хотираларини тақдим этмоқдамиз.
ЮРТ
Кўксингга бош қўйиб, суюб
Айлай, Ватан, изҳори дил.
Рухсорингга тўйиб-тўйиб
Ризо кўнгил, ризо кўнгил!
Десам, сенга фидодир жон,
Кўнгил тўймас бу аҳдимдан.
Бошгинангда бўлиб осмон
Алқай Ватан, алқай Ватан!
Йўлим тушса йироқларга
Васлинг қўмсаб кезган кезим,
Барҳам берар фироқларга
Сенинг исминг, сенинг исминг!
Дунё бўлиб қучганда ишқ,
Қувонтирса кўзимни шаън,
Мен сел бўлиб айтай қўшиқ –
Ўзингдирсан, ўзингдирсан!
Сени жондан ортиқ севсам
Ҳавойимас айтар сўзим:
Ватан, сенсан сиғинганим –
Қаро кўзим, қаро кўзим!
Отаёр
Ўктам МИРЗАЁР, шоир: эзгуликка бахшида умр
Отаёр Наҳанов (ОТАЁР) Самарқанд вилоятининг Нарпай тумани Қорахитой қишлоғида 1947 йил 19 январда таваллуд топган. Оилада ёлғиз ўғил бўлсада, меҳнаткаш, доим ўқиш-изланишга мойиллиги билан бошқа тенгдошларидан ажралиб турарди. Онаси раҳматли Каромат момонинг даста-даста шеърлар битилган дафтарларини кўрганман.
Улар одамгарчилик, дўстлик, ўғлига тилаклар каби мавзуларда бўларди. Умри ўтган асрнинг 30-70 йилларида яшаган ҳар қандай инсон учун, Нарпай туманида истиқомат қиладиган хотин-қизлар учун ўша даврларда китобхон бўлиш, шеърлар ёзиш камёб ҳодиса эди. Отаси Иброҳим бобо Наҳанов Зирабулоқ пахта заводида ишчи, опа-сингиллари ўқитувчи, турли касб эгалари бўлиб камол топган. Улар ҳам акаларининг кўнглини забт этган адабиётга ошно бўлиб яшамоқда.
Нарпай, деганда, аввало, одамларнинг кўз ўнгига халқимизнинг буюк бахшиларидан бири Ислом шоир Назар ўғли келади. Биргина Ислом шоирнинг қувваи ҳофизи ҳудудда ижодга ихлосманд қанча-қанча одамларга илҳом бағишлаган. Уларнинг саноғи йўқ. Нарпайликларнинг табиатида бошқа жойларда кам кузатиладиган нақлчилик, ҳажвга мойиллик зоҳир. Ўз-ўзидан қуйилиб келадиган сатрларда бирор бир қизиқ ҳодисага муносабат, қочирим уфуриб туради. Масалан, уруш даврида Зирабулоқ темир йўл станциясидан ярадор, қўлсиз, оёқсиз қайтган одамларнинг ниҳоятда кўплиги, аҳолининг ночорлиги қуйидаги икки-уч мисрадаёқ ўз зуҳурини топган. “Бундан бордим Зирабулоқ, Одамлари бари чўлоқ. Эчкилари бари улоқ”. Бу учликни ким, қачон айтганини ҳеч ким билмайди. Демак, фикрларни учликда ифодалаш ўзимизда ҳам азалдан бўлган эканда?! Афсуски, бу мавзулар тадқиқ қилинмаган. Нарпайга ёндош Каттақўрғон шаҳрида руслар босиб олган даврларда ҳам қамоқхоналар бўлган. Номаълум шоир буни ҳам шеърий мисрада қуйидагича тасвирлаган: “Бундан бордим Катта Қўрғон, одамлари чапдан турғон, тўрт томонда тўртта мерган. Кўзлаганнинг кетидан урган”.
Гарчи бу ифодалар бугунги нуқтаи назардан ялонғочроқ, қўполроқ туюлса-да, халқ ижодиётининг термалар шаклида воқелик мукаммал ифодалангани билан аҳамиятлидир.
Отаёр ака ана шундай одамлар орасида яшаган. Мактаб ўқувчилиги давридаёқ қадамни каттароқ олиб, Алишер Навоий асарларини ўқишга, замондош шоир ва ёзувчиларнинг ижодий маҳсулотларидан баҳраманд бўлишга астойдил киришган. Унинг ўша пайтда машҳур бўлган Уйғун қаламига мансуб “Алишер Навоий” спектаклидан Алишер монологини мактаб саҳнасида шу даражада берилиб ижро этганини ҳалигача у кишини билган дўсту ёрлари айтиб юришади. Албатта, шоирни муҳит тарбиялайди.
Ислом шоир Назар ўғлининг ижодий таъсири, шоир яшаб ўтган даврдошларининг табиатидаги топқирлик ажабмаски Отаёр аканинг ҳам қўлига қалам олиб, ижод бўстонига чоғлаган бўлса. Орзу ҳаваслар уни пойтахтга, Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетига бошлаб келди. У меҳнат фаолиятини талабалик йилларидаёқ “Тошкент оқшоми” газетасида бошлади. Узоқ йиллар “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида санъат бўлимида аввал адабий ходим, сўнгра бўлим мудири лавозимларида ишлади.
Отаёр шоир сифатида элу юрт орасида ном қозона олган ижодкорлардан. Унинг тенгдошлари Абдулла Шер, Амирқул Пўлкан, Мирпўлат Мирзо, Муҳаммадали Қўшмоқов, Тилак Жўра, Асқар Қосимов, Шавкат Раҳмон, Муҳаммаджон Раҳмон, Саъдулла Аҳмад, Сулаймон Раҳмон каби ўз даврининг бадиий сўз усталари эди. Устоз Миртемирнинг уларни “Киприкларим” деб атаганида ҳам бир олам маъно бор. Отаёрнинг биринчи шеърий тўплами “Ишқим баёни”га Миртемир домланинг камарбаста бўлгани, кейинчалик “Лоларанг эртак”, “Ўша кўзлар”, “Оқ фасл” каби шеърий тўпламлари, Миртемир домланинг ижоди ва фаолиятига бағишланган “Қуёшни кўргани келдим” эссеси ўқувчилар орасида машҳур бўлди. Ушбу китоб икки марта нашрдан чиқарилди. Отаёр публицист сифатида ҳам яхшигина ном қозонди. Унинг “Одамлар орасида яшайман”, бадиий публицистик асари, болалар учун яратган қатор мультипликацион фильмлари, ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилинган Эстон ёзувчиси Антон Хамсин Таммсааренинг “Дўзахдан чиққан янги шайтон” романи, болалар учун Карило Фин халқлари эпоси “Каливала” китобхонларга манзур бўлган нашрлардан. Ушбу нашрлар ҳозир ҳам қайта чоп этилса, адабиётимизнинг халқаро алоқаларини мустаҳкамлашга холис хизмат қилади, деб ўйлайман.
Отаёр маҳоратли журналист сифатида мамлакатимизда ўтказиб келинадиган халқаро кинофестивалларни ёритишда, ташкил этишда фаоллик қилар, ўзи ҳам кино санъати тарғиботига бор билим ва имкониятини сафарбар қиларди.
Халқ оғзаки ижодининг жозибаси, халқ достонларининг сеҳрли олами Отаёр шуурини бир дам бўлса-да тарк этмади. Унинг таржимаи ҳолида шундай ўчмас сатрлар бор:
“Отаёр Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Фольклор кенгаши раиси ўринбосари сифатида фаолият юритар экан, Ўзбекистоннинг деярли барча вилоятларини кезиб чиқди.
Ислом шоир, Бола бахши, Ёдгор бахши, Умарқул Пўлкан, Чори бахши Хўжамберди ўғли, Қодир бахши Раҳим ўғли каби таниқли бахшиларнинг фаолияти тўғрисида тадқиқот мақолалар ёзди”. Шунингдек, у таниқли ёзувчи, публицист Ўрол Ўтаев билан ҳамкорликда унинг ижод намуналарини Ўзбекистон телевидениеси орқали элга танитди, тарғиб қилди. Радиоовозларини ёзиб олди. “Ислом шоир замондошлари хотирасида” тўпламини ўқувчиларга ҳавола этди.
Отаёрнинг миллий адабиётимизни ривожлантириш олдидаги яна бир ибратли хизматлари ёш ижодкорларга бўлган меҳри эди. У мамлакатимизнинг қайси бурчагида шоир ёки ёзувчи бўламан, деб қўлига умид билан қалам олган иқтидорни кўрса, албатта уни етаклаб, таҳририятлар эшигига бошлаб келишдан эринмасди. Қозоғистонда яшаб икки тилда бирдай ижод қиладиган таниқли шоир Абдураҳим Пиратов: “Отаёр ака мени ўз фарзандидай етаклаб, таҳририятларга бошлаб борар, адабий давраларга мени танитарди. Ижодий қораламаларимни ўзи бош бўлиб, “Ёшлик”, “Ўзбекистон маданияти” (ҳозирги “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”) газеталарида чоп эттирган. Шу боис, устознинг номи қонимда ўз акамдай сақланади. Фарзандлари билан ҳамон оилавий борди-келдимиз бор” дея эслайди.
Таниқли шоира Зулфия Мўминова ҳам юртдоши – Отаёр аканинг меҳридан баҳра олган инсонлардан. У: Отаёр ака, мен таниган, билган шоир ва ёзувчилар орасидаги ҳалол ва ҳокисор одамлардан биридир, балки, ягонасидир. Менинг элга танилишимда Отаёр аканинг маслаҳатлари, йўл-йўриқлари фойдали бўлди. Ҳар гал у кишини эсласам, “жойлари жаннатдан бўлсин”, деб дуо қиламан. Ҳақиқатдан ҳам саховат, раҳмдиллик борасида барчага ўрнак бўларли хислатларга эга, жаннати одам эди”.
Отаёрнинг ижодкор сифатида элу юрт маданий ҳаётига қўшган ҳиссаси 1993 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” унвони билан тақдирланди.
Отаёр узоқ давом этган оғир касалликдан сўнг, 2001 йил январь ойида ҳаётдан кўз юмди. Аммо унинг ортда қолдирган ижод маҳсуллари шоирнинг иккинчи умри бўлиб, унинг номини эл орасида сақлаб турибди. Охиратлари обод бўлсин!
Абдулла ШЕР, шоир: “Отаёр – елкадош дўстим эди”
Отаёр билан инсон умрининг олтин даври, дея эътироф этиладиган гўзал навқиронлик онларимиз, талабалик йилларимиз бирга ўтган. У билан ҳамхона бўлганмиз. Ўша вақтларда давлатнинг пахтасини талабалар териб берарди. Бир йили улар пахтага кетди, мен газетада ишлаганим учун пахтадан озод қилинган эдим. Отаёр курсдошлар билан ҳашарга кроватини кўтариб завқли пахта даласига кетган эди. Қайтишда кроватни синдириб қайтган. Сўнг ётоқхонада анча вақт битта кроватни алмашиб ухлагандик...
Ёшликда ўзимизга яраша орзуларимиз, олдимизга қўйган улкан мақсадларимиз бор эди. У вақтлар тоғ келса емирадиган, сув келса симирадиган, қонимиз қайноқ, билагимиз кучга тўла дамлар эди. Талабалик йилларида ўзимизнинг идеологиямиз ичра яшадик, хаёлимизда жамиятда туб ўзгаришлар қилишга интилдик. Ижодкорона мақсадлар қилиб, ҳар бир масалага шоирона ёндашмоқчи бўлдик.
Отаёр миллатпарвар шоир эди. У ватанимизни бошқача севарди. Бу ҳақда унинг шеърияти ҳам сўзлайди. У вақтларда ижодкорларда бошқача руҳ бор эди. Ватанимиз озод эмас, биз мустамлака юртдамиз деган фикрлар, қалам аҳлига тинчлик бермасди. Ҳатто бир гап айтсам ишонмассиз, биз жуда романтик эдик. Ўртоқларимиз билан 1967 йил “Ўзбекистонни озод қилиш” ташкилотини тузганмиз. Ўзимизча Ватанимиз учун бир нималар қилгимиз келарди. Раҳматли Асқар Қосимов исмли ори, сўзи ва ўзи баланд шоир дўстимиз бўларди. У шунчалар Ўзбекистоннинг мустақил бўлишини хоҳлардики, натижада шу сабаб руҳий касал бўлиб қолди, кўп ўтмасдан вафот этди. Асқар Қосимов, Эргаш Муҳаммад, Саъдулла Аҳмад ва Отаёрлар билан, ўйлаб қарасак, Ўзбекистонни озод қилиш бизга эмас экан. Сўнг биз адабиёт орқали шуни қилишга илтилдик. Сўз, ижод эркинлиги орқали адабиётда муқим ўрнашишга уриндик. Ижод оламида эркинликнинг, ҳур фикрлиликнинг шабадалари эсиши учун курашдик.
Отаёр устоз Миртемир билан устоз-шогирд тутинганди. Бир-бирига бўлган меҳри, ҳурмати баланд эди. Отаёр Миртемирга атаб биографик роман ёзди, ўғлининг исмини ҳам Миртемир қўйганини унинг устозига бўлган ҳурмати, деб биламан...
Отаёр тиришқоқ, ҳаракатчан ва изланувчан эди. Шу сабабдан ҳам газета ва журналларда тез-тез чиқишлар қиларди. Ўнлаб китоблари, эссе ва очерклар тўплами нашр этилган. Таржимада эса ўзининг ажойиб йўналишини яратганди. У бир ишни бошладими тугатиб қўйишни, охиригача битиришга ҳаракат қиларди. Аммо қисқа умр кўрди, ўзига берилган умрни мазмунли ўтаб кетгани рост, аммо бугун жавлон уриб қалам тебратиш мавриди келганда унинг орамизда йўқлиги бизни анча афсуслантиради...