Ягона маскан оҳанглари: дўстлик ва ҳамжиҳатлик байрами (+видео)
Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита, Яккасарой туман ҳокимлиги ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида маънавий-маърифий, мусиқий тадбир ўтказилди.
Тадбир мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувлик, дўстлик ва бағрикенглик муҳитини кенг тарғиб этиш, турли миллат ва элат вакилларини Ватанимиз равнақи йўлида ягона мақсад атрофида янада жипслаштиришга хизмат қилди.
Тадбирнинг тантанали очилиш қисмида Ўзбекистон мустақиллигининг тарихий аҳамияти, ўтган 35 йил давомида мамлакатимиз эришган ютуқлар, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда жамиятимиздаги тинчлик ва ҳамжиҳатликнинг бебаҳо аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Тадбирнинг бадиий қисми ранг-баранг концерт дастури билан давом этди. Унда Ўзбекистон маданият ва санъат намояндалари, эстрада хонандалари ҳамда мамлакатимизда фаолият юритаётган миллий маданий марказларнинг бадиий жамоалари ўз чиқишларини намойиш этди.
Саҳнада янграган турли миллатларнинг оҳанглари, миллий рақслари ва ёрқин ижодий чиқишлари Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқини бирлаштириб турувчи дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик қадриятларининг ёрқин ифодасига айланди.
Бугунги кунда мамлакатимизда турли миллат ва элат вакилларининг ўз она тили, маданияти, урф-одат ва анъаналарини асраб-авайлаши ҳамда ривожлантириши учун кенг имкониятлар яратилган. Миллий маданий марказлар эса ушбу жараёнда миллатлар ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамловчи муҳим кўприк сифатида фаoлият юритмоқда.
[gallery-31126]
Айниқса, байрам тадбирида турли миллатларнинг санъат намояндалари бир саҳнада жам бўлиб, Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигини биргаликда нишонлагани “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган эзгу ғоянинг амалий ифодаси бўлди.
Мазкур маънавий-маърифий, мусиқий тадбир Ўзбекистоннинг энг катта бойликларидан бири бўлган тинчлик, миллатлараро тотувлик ва миллатлар бирдамлигини яна бир бор куй-қўшиқлар орқали намоён этди.
<iframe width="873" height="491" src="https://www.youtube.com/embed/IYaPUxjKTGc" title="Yagona maskan ohanglari: Do’slik va hamjihatlik bayrami" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова, О.Давронов (видео),
С.Обиджонов (монтаж), А.Алижонов (сурат), ЎзА