"Ягона дарча" божхона ахборот тизими – тадбиркорга кўмакдош
Ўтган қисқа муддат давомида мазкур йўналишдаги ишлар жадал суръатларда олиб борилди. 2019 йил якунига келиб мазкур тизим ишлаб чиқилди ва синов тарзида ишга туширилди.
2020 йил 1 январдан "Ягона дарча" божхона ахборот тизими ишга туширилди. Энди экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва сертификатларни ушбу тизим орқали расмийлаштириш мумкин.
Хўш, бу тизимдан кўзланган мақсад нима ва қандай афзалликларга эга? Тадбиркорларга қандай қулайликлар яратади?
Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган матбуот анжуманида батафсил тўхталинди.
"Ягона дарча" божхона ахборот тизими Президентимизнинг 2019 йил 20 ноябрдаги "Мамлакатда бизнес муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида жорий қилинди.
Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари Б.Раҳимовнинг сўзларига кўра, ушбу қарорга асосан 2020 йилнинг 1 февралидан бошлаб экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва сертификатларни "Ягона дарча" божхона ахборот тизими орқали расмийлаштириш назарда тутилган бўлиб, амалда 2020 йилнинг 1 январидан эътиборан мазкур тизим www.singlewindow.uz манзилида ишга туширилди.
"Ягона дарча" божхона ахборот тизимига Давлат божхона қўмитаси, "Ўзстандарт" агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, "Ўздавкарантин" инспекцияси каби ваколатли органларнинг автоматлаштирилган ахборот тизимлари интеграция қилинган.
Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишни енгиллаштириш ва рағбатлантириш мақсадида соҳага оид қатор тартиботлар танқидий қайта кўриб чиқилиб, эскирган, замон талабига жавоб бермайдиган бюрократик тўсиқ ва ғовлар бекор қилинди. Кўрилган чоралар натижасида республикада ишбилармонлик муҳити яхшиланди, тадбиркорлик субъектлари ва хусусий инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилди.
Бундай ижобий ўзгаришлар нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан ҳам кенг эътироф этилмоқда. Жумладан, Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорацияси томонидан эълон қилинган "Бизнес юритиш – 2020" ҳисоботида Ўзбекистон 69-ўринни эгаллаб, ислоҳотлар миқёси ва самарадорлиги бўйича дунёнинг энг яхши 20 та ислоҳотчи давлати қаторидан жой олди.
Шу билан бирга, тадбиркорлар ва инвесторлар билан учрашувлар жойлардаги ижрочилар соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятидан тўлиқ хабардор эмаслигини, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалиётга жорий этилиши сезиларли даражада ортда қолаётганини, айрим лицензия ва рухсатномаларни расмийлаштиришда ортиқча бюрократик тўсиқлар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Хусусан, фитосанитария, санитар-эпидемиологик, ветеринария, экологик назорат ва сертификатлаш органлари фаолиятини ўрганиш натижалари уларнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали ўтувчи товарлар ва транспорт воситаларига нисбатан назорат функцияларини амалга ошириш самарадорлиги ва тезкорлигини ошириш, шу жумладан, идоралараро электрон ҳамкорликни жадал жорий қилиш орқали такомиллаштириш заруратини юзага келтирди.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 апрелдаги "Ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда маъмурий тартиб-таомилларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.
Қарор билан 2021 йил 1 январга қадар БМТнинг Савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш ва электрон иш амалиётлари бўйича маркази томонидан ишлаб чиқилган "Ягона дарча" механизмини яратиш бўйича тавсиялар ва йўл-йўриқ тамойиллари мезонларига жавоб берадиган "Ягона дарча" божхона ахборот тизимини жорий этиш белгиланган эди.
Ўтган қисқа муддат давомида мазкур йўналишдаги ишлар жадал суръатларда олиб борилди. 2019 йил якунига келиб мазкур тизим ишлаб чиқилди ва синов тарзида ишга туширилди.
Мазкур тизимни жорий этиш ва ривожлантиришдан асосий мақсад ваколатли орган ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ўртасида интеграциялашган ахборот тизими ва муҳим маълумотлар базаси асосида ахборот алмашинуви учун ягона интерфейсни яратишдан иборат. Бу муҳим маълумотлар базаси орқали ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари давлат хизматларидан One-Stop Service тамойили (хизматлардан бир жойда фойдаланиш) бўйича фойдаланадилар.
Шунингдек, "Ягона дарча" божхона ахборот тизими ташқи иқтисодий фаолият субъектларига кўплаб имкониятларни яратади. Хусусан, импорт, экспорт ва транзитга тааллуқли барча тартибга солиш талабларини бажариш мақсадида стандартлаштирилган маълумотлар ва ҳужжатлар ягона ўтказиш каналидан фойдаланган ҳолда тақдим этилади. Ахборот алмашинувнинг махфийлиги ва хавфсизлигини таъминловчи норматив-ҳуқуқий база билан мустаҳкамлаган ҳолда, ташқи савдо битимларига доир барча ахборотларни алмашиш имконияти юзага келади. Давлат божхона хизмати, ваколатли органлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари томонидан рухсат этувчи ҳужжатларни расмийлаштириш босқичларини масофадан кузатиш мумкин бўлади.
Ўзбекистон Республикаси ва хорижий мамлакатлардаги эпизоотик, карантин ва фитосанитария ҳолатлари тўғрисидаги очиқ маълумотлар энг сўнгги кўрсаткичлар ҳолатида ушлаб турилади. Дастлабки маълумотлар асосида товарлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига амалда етиб келишига қадар рухсат берувчи характерга эга ҳужжатларни бериш йўлга қўйилди.
Божхона ахборот тизимининг кўриниши 2 блокдан иборат бўлиб, биринчи блокда ариза тақдим этиш, портал ҳақида, асосий маълумотлар, саволлар, таклифлар, рухсатнома, сертификатлар ҳақиқийлигини текшириш ва хавфларни таҳлил қилиш тизими каби бўлимлар мавжуд. Иккинчи блок нотариф тартибга солиш тўғрисида маълумотлар, божхона юк декларациясини расмийлаштириш, назорат қилувчи органларнинг интерактив хизматлари, божхона ва бошқа органларнинг реестрлари, хавфларни таҳлил ва бошқариш тизимлари ва логистика компаниялари каби бўлимларни ўз ичига олади.
Энди тадбиркорлар ўз идораларидан чиқмасдан туриб интернетдаги www.singlewindow.uz манзилида жойлашган "Ягона дарча" божхона ахборот тизими орқали электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва сертификатларни олиш учун ариза юбориши мумкин.
Аризага жавобан берилган ҳужжатлар ва сертификатлар мазкур портал орқали бир вақтнинг ўзида ҳам тадбиркорга, ҳам божхона органларига божхона расмийлаштируви учун тақдим этилади. Шунингдек, тадбиркорлар портал орқали рухсатнома ва сертификатларнинг ҳақиқийлигини текшириш, ҳужжатларнинг шакллари, божхона тарифлари ва режимлари, экспорт ва импорт кўрсаткичларига доир фойдали маълумотларни ҳам олишлари мумкин.
Маълумотларга кўра, ҳозирда 4 минг 700 дан ортиқ ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари “Ягона дарча” божхона ахборот тизимидан фойдаланмоқда.
Анжуман давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олди.