XXI аср талабларига хос қадамлар
Бугунги кунга келиб шаҳар ва туман давлат хизматлари марказлари орқали жисмоний ва юридик шахсларга юзга яқин турли давлат хизматлари кўрсатилиб келинмоқда.
Бугунги кунга келиб шаҳар ва туман давлат хизматлари марказлари орқали жисмоний ва юридик шахсларга юзга яқин турли давлат хизматлари кўрсатилиб келинмоқда. Айни вақтда давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан мамлакатимизнинг иқтисодий-ижтимоий соҳаларида олиб борилаётган кўпгина ислоҳотлар натижасида аксарият маъмурий тартиб-тамойиллар соддалаштирилди, кўпгина ортиқча қоғозбозлик ва сансалорликларнинг олди олинди. Айниқса сиз ва биз учун энг қиммат бўлган ресурс – вақтни тежаш имкони пайдо бўлди.
Ҳозирги вақтга келиб ўз интернет веб-сайти, электрон почтаси ва виртуал қабулхонаси мавжуд бўлмаган давлат бошқаруви органларини учратиш қийин. Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан жорий қилинган “Электрон ҳукумат” ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали фуқароларимиз ва барча юридик шахслар ўзлари учун зарур давлат ташкилотларига турли хил шаклда мурожаатлар этишлари мумкин.
Албатта, бу ўринда электрон рақамли имзо – ЭРИ ҳақида атрофлича тўхталиб ўтиш зарур. Чунки юқорида таъкидланган аксарият давлат хизматларидан фойдаланиш айнан ЭРИ ёрдамида амалга оширилади.
Хўш, дастлаб “Электрон рақамли имзо ўзи нима?”, “ўзи у нима учун керак?”, ва “Зарурат туғилса қаердан ва қандай олса бўлади?” деган саволларга тўхталиб ўтсак. Биз Давлат хизматлари агентлиги ходимлари сифатида кундалик иш фаолиятимиз давомида ана шу саволга жуда кўп маротаба дуч келамиз.
Соддароқ қилиб айтганда, ЭРИ асосан компютер ва турли электрон дастурлар учун ҳаммамизга маълум кўринишда шахсан қўлда қўйиладиган ҳамда шакли ва кўринишидан айнан кимга тегишли эканлигини англатувчи шахсий имзонинг электрон кўриниши ҳисобланади. Жисмоний шахс ўз ЭРИси ёрдамида маиший хизматлар ва кўплаб давлат хизматларидан мустақил равишда ДХМга келмасдан туриб фойдаланишлари мумкин.
Шунингдек, давлат хизматини кўрсатувчи ваколатли давлат бошқаруви органларининг мансабдор шахслари ва масъул ходимлари ўз ЭРИ орқали рухсат берувчи ҳужжатларни электрон шаклда ортиқча қоғозбозликсиз расмийлаштириш имконига ҳам эгадирлар.
Айниқса ЭРИ жисмоний шахсларга ДХМга келмасдан турли шаклдаги тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтиши имконини ҳам беради. Бу эса ўз навбатида фуқароларимизнинг вақтини тежашга, узоқ навбатда туришлардан ва ортиқча харажатлардан халос бўлишига замин яратади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил10 майдаги 348-сонли Қарори билан “Давлат хизматлари марказлари орқали давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда тижорат банклари томонидан кўрсатиладиган барча турдаги хизматлардан эркин фойдаланишни таъминлайдиган электрон рақамли имзо калитининг сертификатини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш”нинг Маъмурий Регламенти тасдиқланди. Ушбу Регламентнинг 5-бандида ЭРИ калитларининг сертификатларини бериш учун юридик шахслар ва тадбиркорлик субъектларидан энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи, жисмоний шахслардан эса 7 фоизи миқдорида йиғим ундирилиши белгилаб қўйилган. Қонун ҳужжатларида ЭРИ калитларининг сертификатларини бепул олиш назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно эканлиги белгиланган.
ЭРИга эга бўлиш учун аввало жисмоний ва юридик шахслар ўз СТИР (солиқ тўловчининг идентификация рақами)га эга бўлиши, яъни давлат солиқ органларида ҳисобга олинган бўлиши зарур. Чунки ЭРИ учун тўловлар айнан СТИР асосида амалга оширилади.
Юқоридаги регламентнинг 7-бандида ЭРИ калити сертификатининг амал қилиш муддати ЭРИ рўйхатга олинган вақтдан бошлаб 24 ойдан ошмаслиги кераклиги белгиланган.
Бугунги кунда мамлакатимизда мавжуд банклараро тўлов тизимининг ривожланганлигини ҳисобга олган ҳолда фуқароларимиз ЭРИга эга бўлишлари учун ҳаммамизга яхши маълум бўлган “CLICK”, “PAYME”, “UPAY” мобил иловалари ёрдамида ёхуд Давлат хизматлари марказлари биноларида жойлашган кассаларда бевосита тўловни амалга оширишлари мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг масъул ходимлари ўтган давр мобайнида АҚШ, Хитой, Буюк Британия, Швецария ва бошқа бир қанча дунёнинг ривожланган мамлакатларида бўлиб, уларнинг аҳоли
га давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги ютуқларини ўрганиб қайтишди. Шу билан бирга орттирган тажрибаларини юртимизда босқичма-босқич жорий этишни йўлга қўйишмоқда. Ишончимиз комилки бу турдаги сайи ҳаракатлар ўз-ўзидан фуқароларнинг эмас айнан ҳужжатларнинг ҳаракатланишига олиб келади.
Жамолиддин САБИРОВ,
Тахиатош тумани Давлат хизматлари маркази директори