Англиянинг Ливерпуль шаҳрида бокс бўйича катталар ўртасида “World Boxing” ташкилоти томонидан илк маротаба ташкил этилган жаҳон чемпионати ўз якунига етди. “Bank Arena” мажмуасида ўтган мусобақада сайёрамизнинг 60 давлатидан келган жами 500 нафардан зиёд боксчи медаллар учун рингга кўтарилади.
Қувонарлиси, ушбу мусобақада Ўзбекистон терма жамоасининг Абдумалик Халоков, Асадхўжа Мўйдинхўжаев, Фазлиддин Эркинбоев, Жавоҳир Умматалиев, Акмалжон Исроилов ва Тўрабек Хабибуллаев ўз вазн тоифаларида олтин медални қўлга киритди. Шунингдек, Навбаҳор Ҳамидова ҳамда Жаҳонгир Зокиров финалга қадар ўтган беллашувларда зафар қучиб, делегациямиз ҳисобига кумуш медални тақдим қилган бўлса, Сабина Бобоқулова, Феруза Казакова ҳамда Азиза Зокирова бронза медали билан тақдирланди.


Жаҳон чемпионатининг эркаклар ўртасидаги беллашувларида 6 та олтин ва битта кумушга эга чиққан Ўзбекистон терма жамоаси медаль жамғаришда биринчи бўлди. Умумжамоа ҳисобида эса Ўзбекистон эркаклар ва аёллар терма жамоаси жами 6 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медалига сазовор бўлиб, иккинчи ўриндан жой олди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА