“WomenChess” халқаро шахмат турнири якунланди
Бухоро шаҳрида хотин-қизлар ўртасида шахмат бўйича “WomenChess” халқаро турнири ташкил этилди. Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан 10-15 март кунлари ўтказилган турнир шахмат ихлосмандлари учун ҳақиқий интеллектуал баҳс майдонига айланди.
Турнир ғолиблари ҳамда совриндорларини тақдирлаш маросими кўтаринки руҳда ўтди. Унда Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Ҳафиза Артикова, Бухоро вилояти спорт бошқармаси бошлиғи У. Наджимидинов ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Ш. Раҳмонов иштирок этиб, мусобақа ғолибларига пул мукофотлари ва эсдалик совғаларини топширди.
[gallery-28170]
Халқаро турнирда жами 120 нафар шахматчи иштирок этди. Мусобақа географияси ҳам анча кенг бўлиб, Марказий Осиё давлатлари билан бир қаторда Австрия, Украина, Беларусь, Греция, Грузия, Озарбайжон, Монголия ва Ҳиндистон каби давлатлардан ҳам спортчилар қатнашди. Бу эса мусобақанинг халқаро мақоми ва нуфузини янада оширди.
Турнирнинг умумий мукофот жамғармаси 70 минг АҚШ долларини ташкил этди. Мусобақада амалдаги жаҳон ва Осиё чемпионларининг иштирок этиши эса беллашувларнинг янада кескин ва юқори даражада ўтишини таъминлади.
Мусобақа иштирокчиларнинг рейтинги ва маҳоратидан келиб чиққан ҳолда учта асосий гуруҳга бўлинди. Masters (Мастерлар) гуруҳида энг кучли шахматчилар – асосан таклиф этилган халқаро гроссмейстерлар (рейтинги 2450 ва ундан юқори) ҳамда мезбон мамлакатнинг сара ўйинчилари иштирок этди. Challengers (Даъвогарлар) гуруҳи FIDE рейтинги 1800 дан юқори бўлган шахматчилар учун ташкил этилди. Futures (Келажак) гуруҳи эса ёш ва тажриба тўплаб бораётган шахматчилар учун очиқ майдон сифатида хизмат қилди.
Беллашувлар швейцарча ҳамда айланма тизим асосида, жами 9 турдан иборат тарзда ўтказилди. Ҳар бир ўйинчи учун вақт назорати 60 дақиқа этиб белгиланиб, ҳар бир юриш учун қўшимча 30 сония вақт қўшиб борилди.
Мазкур халқаро мусобақа нафақат юқори савиядаги спорт баҳсларига бой бўлди, балки шахмат спорт турини янада оммалаштириш, хотин-қизлар ўртасида интеллектуал спортга бўлган қизиқишни ошириш, халқаро спорт алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда турли мамлакатлар спортчилари ўртасида дўстона муносабатларни кенгайтиришда ҳам муҳим аҳамият касб этди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари