Вояга етмаганларга оид жиноят ишлари эндиликда фақат ёпиқ суд мажлисида кўрилади
2026 йил 12 сентябрда “Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кучга кирди.
Қонуннинг аҳамияти ҳақида Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Орзигул Қозихонова ўз фикрларини билдирди:
– Болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан биридир.
Давлатимиз раҳбарининг “2026 – 2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим аҳамият касб этди.
Янги қонун соҳадаги ҳуқуқий асосларни янада мустаҳкамлади. Қонун билан 6 кодекс ва 13 қонунга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. Мазкур ўзгартишларнинг асосий мақсади – боланинг манфаатини таъминлаш, миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мувофиқлаштиришдан иборат.
Жиноят-процессуал кодексига киритилган биринчи муҳим ўзгартиш – вояга етмаганларнинг шахсий ҳаётини ҳимоя қилишга қаратилган.
Амалда судлар тарбиявий таъсир мақсадида жиноят ишларини маҳаллаларда, таълим муассасаларида ёки бошқа жамоат жойларида сайёр тартибда кўриши мумкин. Бироқ, халқаро ҳуқуқий стандартлар бундай ёндашув боланинг ҳуқуқларига салбий таъсир кўрсатишини эътироф этади.
Хусусан, БМТ Бола ҳуқуқлари қўмитасининг 2019 йилги 24-сонли умумий шарҳида боланинг шахсий ҳаёти суд жараёнининг барча босқичларида тўлиқ ҳимоя қилиниши шартлиги ҳамда болаларга оид ишлар ёпиқ тартибда кўрилиши лозимлиги қайд этилган.
Ҳақиқатан, бундай муҳокамалар тарбиявий аҳамиятга эга бўлиши мумкин, аммо бу боланинг шахсий ҳаёти ошкор бўлиши, унинг жамиятда тамғаланиши ҳамда қайта ижтимоийлашувига салбий таъсир кўрсатиши эҳтимоли юқори.
Шу муносабат билан қонун орқали вояга етмаганларга оид жиноят ишлар ёпиқ суд мажлисида кўрилиши белгиланди. Бу боланинг келажагини ҳимоя қилишга қаратилган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга болалар ҳуқуқини таъминлашга қаратилган янги нормалар киритилди. Жумладан, таълим ташкилотида вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятлар ўз зиммасига юклатилган шахс томонидан тарбия ва таълим бериш жараёнида вояга етмаган болага нисбатан жисмоний зўравонлик содир этиш, шунингдек уни камситиш ёки хўрлаш каби ҳаракатларда ифодаланган тарзда таҳқирлаганлик учун алоҳида маъмурий жавобгарлик белгиланди.
“Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонунга муҳим ўзгартириш киритилди. Унга кўра, педагогик фаолиятни амалга ошириш жараёнида вояга етмаганларга нисбатан жисмоний ва (ёки) руҳий зўравонликка оид ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилган шахсларнинг бир йил муддат давомида таълим ташкилотларида педагогик фаолият билан шуғулланишига йўл қўйилмайди.
Ушбу қатъий норма қонунчиликка бежиз киритилмади. Айрим таълим муасссасаларида болалар билан боғлиқ аянчли ҳолатлар содир бўлаётгани бунга сабаб бўлди. Масалан, яқинда хусусий боғчаларнинг бирида йиғлаётган болани кузатув камерасига тушмайдиган жойга олиб бориб жазолаш акс этган видео тарқалгани барчани бирдек ларзага солди.
Болаларга нисбатан зўравонликка нисбатан муроса бўлмаслиги керак. Бу масалада ҳар бир кечиккан ёки етарли даражада кўрилмаган чора янги жабрланувчилар пайдо бўлишига сабаб бўлади. Шу нуқтаи назардан янги киритилган чеклов нормаси ўз вақтида амалга оширилган муҳим ҳуқуқий чора бўлди.
Қонун билан Оила кодексига ҳам энг муҳим ўзгартишлар киритилди. Жумладан, давлат ёки нодавлат муассасаларининг тўлиқ таъминотида бўлган вояга етмаган боланинг ота-онасини алимент тўлашдан озод қилишга йўл қўйилмаслиги қонун даражасида мустаҳкамланди. Ушбу маблағлар бола мустақил ҳаёт бошлаганида унга моддий таянч бўлиб хизмат қилади.
Кодекснинг 194-моддасида етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар оилага тарбия (патронат)га фақат уларнинг қариндошларига берилиши белгиланди. Мазкур норма, энг аввало, боланинг ўз оилавий муҳитида улғайишига, қариндошлик ришталари, миллий қадрият ва ижтимоий алоқалар сақланиб қолишига хизмат қилади.
“Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 24-моддасига киритилган ўзгартириш ва қўшимчага кўра, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга ғамхўрлик кўрсатиш ҳамда уларни тарбиялаш хизматига нодавлат ташкилотлар давлат ижтимоий буюртмаси, аутсорсинг ёки бошқа турдаги шартномалар асосида жалб этилади.
Бу норма давлат ва фуқаролик жамиятининг ўзаро ҳамкорлигини кучайтиради, ижтимоий хизматлар сифатини оширади. Энг муҳими, муҳтож болаларга янада тезкор ва сифатли ёрдам кўрсатиш имкониятини кенгайтиради.
Қонун етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, уларнинг оила муҳитида тарбияланиши учун зарур шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.
Норгул Абдураимова, ЎзА